Озарбайжон президенти маъмурияти бошлиғи ўринбосари, ташқи алоқалар бўлими бошлиғи Наврўз Мамедов туркиялик мухолиф Фатҳулла Гулен ташкилотининг мамлакатдаги барча тарафдорлари аниқланишини айтди. Унинг айтишича, Гуленнинг тарафдорлари Озарбайжонда ҳам мавжуд.

"Туркиядаги ҳодисалар ортида турган кучлар ҳеч қачон Озарбайжонни титрата олмайди ва ФЕТОнинг (Гулен ташкилоти) бу ердаги тарафдорлари аниқланади", деб айтди Мамедов.   

"Озарбайжонда ўтказилаётган тергов бу ташкилот ўзининг бевосита тарафдорларидан ташқари, давлатимиздаги баъзи мухолиф тузилмалар билан боғланганини кўрсатмоқда", деб қўшимча қилди Мамедов. У "Озарбайжон давлати ва унинг манфаатларига зиён етказишга исталган уринишлар барча усуллар билан бартараф этилишини" таъкидлаб ўтди.

15 августда Озарбайжон бош прокуратураси Гуленнинг тарафдорларига нисбатан жиноий иш қўзғатди. Оқибатда мамлакат хавфсизлик хизмати Гуленчилар билан алоқадорликда гумон қилинган 4 нафар озарбайжонликни ҳибсга олган.