Бугун Рио—2016 Олимпиадасининг 64 килограммгача вазн тоифасидаги боксчилар ўртасидаги турнири финалида ўзбекистонлик Фазлиддин Ғоибназаров олтин медаль учун жанг қилади. Унинг рақиби келиб чиқиши кубалик бўлган, турнирда Озарбайжон номидан иштирок этаётган спортчи Каллозо Сотомайор.

Ғоибназаров финал йўлида конголик Малонга Дзаламоу, ҳиндистонлик Манож Кумар, америкалик Гери Расселл, россиялик Виталий Дунайцев каби боксчилардан устун келганди.

Сотамайор эса финалга қадар Украина, Франция, Куба ва Германия боксчиларини мағлуб этган ҳамда финалда жанг қиладиган биринчи озарбайжонлик боксчи ҳисобланади. Бўйи 185 см бўлган, 31 ёшли бу боксчи 2015 йили Баку шаҳри мезбонлик қилган Европа ўйинларида олтин медаль олган. У "Габала" спорт клуби аъзоси.

Ушбу икки боксчи муқаддам бир марта ўзаро тўқнашган ва унда Сотамайорнинг қўли баланд келган. Ўшанда Ғоибназаров Болгариядаги мусобақада ҳакамлар баҳосига кўра ютқазган ва унда бугун реванш олиш имконияти бор.

Жанг Тошкент вақти билан соат 23:00да бошланади.