22-августдан эътиборан АҚШ ва Жанубий Корея кенг қамровли Ulji Freedom Guardian ҳарбий ўқув машғулотларини бошлади. Унда, Корея яриморолидаги "фавқулодда вазият" вужудга келгудек бўлса, КХДР ядро ва ҳарбий иншоотларига зарба бериш кўникмаси ҳосил қилинади, деб хабар қилмоқда Ёнхап агентлиги.

Агентлик маълумотларига кўра, ҳарбий ўқув амалиётларида 25 минг америкалик, 50 минг жанубий кореялик аскарлар иштирок этмоқда. Бундан ташқари, унда Австралия, Канада, Колумбия, Дания, Франция, Италия, Филиппин, Буюк Британия ва Янги Зеландия ҳарбий вакиллари ҳам қатнашмоқда. Ўтган йили шу каби машғулотларда АҚШнинг 30 минг аскари қатнашган эди. 

22-августдан 2-сентябргача давом этадиган бу йилги Ulji Freedom Guardian машғулотлари КХДР ҳукуматининг кескин танқидига сабаб бўлди. Аввал хабар қилинганидек, Корея халқ армияси Бош штаби вакили Корея марказий телеграф агентлиги орқали баёнот беришича, мабодо КХДР ҳудуди, унинг сув ёки ҳаво кенгликлари чегараси бузилгидек бўлса, шимолий кореялик ҳарбийлар АҚШ ва Жанубий Корея қуролли кучларига превентив зарба беришга тайёр.