Эрон ТИВ вакили Баҳром Гасемийнинг баёнотига кўра, Россия ҳарбий-космик кучлари самолётлари Суриядаги террорчилар манзилларига ҳаво зарбалари бериш учун Ҳамадон аэродромидан фойдаланишга барҳам берган, деб хабар қилмоқда Tasnim агентлиги.

"Айни вақтда, Россиянинг Эрон авиабазасидан фойдаланиши поёнига етди", — деб ёзмоқда агентлик Twitter саҳифасида.

"Бу махсус рухсат берилган миссия эди, у ҳам якунига етди. Россияликлар жанговар топшириқни бажаргач, базани тарк этишди", — дея Гасемий сўзларини келтиради Франс Пресс агентлиги.

Шу билан бирга, Гасемий россиялик ҳарбийлар ушбу аэродромдан яна фойдаланиши эҳтимолини инкор этмаган. Бироқ, унинг қайд этишича, "бу минтақадаги вазиятга боғлиқ бўлиб, Эрон рухсати билан амалга ошиши мумкин".

Ҳозирча, Россия мудофаа вазирлиги ушбу янгиликни изоҳлаганича йўқ. 

Аввалроқ, расмий Теҳрон, Россия Ҳамадондаги авиабазадан зарурат бор экан фойдаланиши мумкинлигини айтиб, аэродромда бомбардимончи самолётларга ёқилғи қуйилаётганини таъкидлаганди.