Ҳиндистон бош вазири Нарендра Модининг костюми энг қимматбаҳо замонавий костюм сифатида Гиннес Рекордлар китобига кирди. Бу ҳақда ANI ахборот агентлиги хабар берди.

Агентлик маълумотига кўра, монограммали (исми, отасининг исми ва фамилияси бош ҳарфларидан тузилган безак шаклидаги шартли белги) бу костюм 2015 йилнинг февралида аукционда 43 млн рупий эвазига (643 минг доллардан ортиқ) сотилган. Сотувдан тушган маблағ хайрия ёрдами сифатида Ганга дарёсини тозалаш ишларига йўналтирилган. Харидни бриллиантлар билан савдо қилувчи Dharmananda Diamond Company компанияси хўжайини Лалджибхаи Патель амалга оширган ва айнан у Гиннес Рекордлар китоби ҳакамларига мурожаат этган.

Маълум қилинишича, бу либос Нарендра Модининг 2015 йилда АҚШ президенти Барак Обама билан учрашуви учун Аҳмадобод шаҳрида тайёрланган ва у Шимолий Ҳиндистон анъаналарига мос тарзда безатилган.