АҚШ президентлигига номзод бўлмиш республикачи Дональд Трамп ўтган ойда сайловолди кампанияси харажатларини 2 баробар оширди. Лекин унинг харажатлари Ҳиллари Клинтоннинг харажатларидан сезиларли даражада кам.

Июль ойида Трампнинг штаби 18,5 млн доллар, Клинтоннинг жамоаси эса 38 млн доллар харажат қилган.

Хабар қилинишича, Трамп ўзига хос махсус кепкалар тайёрлаш учун 420 минг доллар ишлатган.

Расмий маълумотларга кўра, Трампнинг сайловолди кампанияси кейинги йиллардаги энг камчиқим кампания бўлмоқда. Таққослаш учун, Барак Обама 2012 йилда иккинчи муддатга сайланишидан олдин сайловолди кампанияси учун июнь ойида 58,1 млн доллар, июль ойида эса 58,9 млн доллар сарфлаганди.

Трамп учун август ойи энг серхаражат ой бўлиши кутилмоқда. Фақатгина телевидениедаги реклама учун кейинги ҳафтада 5 млн доллар ишлатилди.

Клинтон штаби 2 ой олдинроқ телевидениедаги рекламадан фойдалана бошлаган ва шу вақтгача бу учун 60 млн доллар сарфлаб бўлинган.

Клинтоннинг жамоасида 700 киши учун штат очилган, бу эса Трампнинг ходимлари сонидан деярли 10 баробар кўп.

Расмий маълумотларга кўра, июль ойида сарфланган маблағнинг 45 фоизи веб-дизайн билан шуғулланадиган компанияларга тўланган, яна миллионлаб долларлар парвозларга сарфланган.

New York Times газетасининг мустақил ҳолда ўтказган текширувида аниқланишича, Трамп учун ишлайдиган фирмалар 650 млн доллар жамғарган. Манбада айтилишича, Трампнинг бизнесининг кўп жиҳатлари ҳамон сояда қолмоқда.

"АҚШ президентлигига номзод ўз активларини баҳолашга рухсат бермаган ва солиқ ҳисоботлари ҳақидаги маълумотларни ошкор этмаган", дейилади Times нашрида.