14-20 август кунлари Таиланд Қироллиги Чианг Маи шаҳрида бўлиб ўтган математика бўйича халқаро мусобақада Ўзбекистон жамоаси ҳам иштирок этиб, унда 2 нафар ўзбекистонлик ўқувчи бронза медалга ва умумжамоа ҳисобида эса иккинчи ўринга сазовор бўлди. Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати хабар қилган.

Бу нуфузли мусобақа Халқаро олимпиадалар реестридан ўрин эгаллаган бўлиб, унда ҳар йили 30дан ортиқ давлатдан иқтидорли ўқувчилар қатнашиб келмоқда. Жорий йилда ташкил этилган олимпиадада 31та давлатдан 600 нафардан ортиқ иқтидорли ўқувчилар иштирок этди.

Мазкур мусобақани ўтказишдан асосий мақсад иқтидорли ўқувчилар учун математикадан халқаро нуфуздаги танловни ташкил этиш,  иқтидорли ўқувчиларнинг юқори даражадаги интеллектуал қобилиятларини ривожлантиришга қаратилган математика ўқитишнинг методикаларини такомиллаштириш, иштирокчи давлатлар ўқувчиларига математикадан билим ва малакалари алмашинувларига имконият яратиш ҳамда халқаро стандартларга мувофиқ таълим муассасаларининг ўқув режалари ва дастурларини янгилашдан иборат.

Мусобақада Ўзбекистон вакилларининг муносиб иштирокини таъминлаш учун “Билимлар беллашуви” мусобақасининг туман(шаҳар) босқичида 1-5-ўринларни эгаллаган 350  нафардан ортиқ 7-8 синф ўқувчилари орасида 2 босқичли танлов ўтказилди. Натижада 4 нафар иқтидорли ўқувчидан иборат терма жамоа шакллантирилди.

Жумладан, Бухоро вилояти Қоракўл туманидаги 18-сонли умумтаълим мактабининг 7-синф ўқувчиси Норбоев Жаҳонгир, Бухоро вилояти Қоракўл тумани 1-сонли ихтисослаштирилган умумтаълим мактаб-интернати 7-синф ўқувчиси Ҳасанов Шахбоз, Қашқадарё вилояти Яккабоғ туманидаги 37-сонли умумтаълим мактабининг 7-синф ўқувчиси Махмудов Шоҳбек, Қашқадарё вилояти Китоб туманидаги 1-сонли ихтисослаштирилган умумтаълим мактаб-интернати 7-синф ўқувчиси Нейматов Элдорни тайёрлаш мақсадида бир ой мобайнида олимлар иштирокида махсус  машғулотлар ташкил этилди. Машғулотларда ўқувчиларга мураккаблиги юқори бўлган алгебра, геометрия, сонлар назарияси, математик мантиқ, комбинаторика ва тўпламлар назариясига оид масалаларни якка-тартибда ва жамоа таркибида ечишнинг энг илғор усуллари ўргатилди.

Халқаро математика мусобақаси 2 босқичда: шахсий ва жамоалар орасида беллашувида ўтказилди.

Шахсий беллашувда ўқувчиларга 15та масала тақдим этилиб, беллашув натижаларига кўра, Нейматов Элдор ва Ҳасанов Шаҳбоз бронза медаль, Норбоев Жаҳонгир ва Махмудов Шоҳбек фахрий ёрлиқ билан тақдирланди. Шунингдек, жамоалар беллашувида биргаликда ечиш учун 10 та масала тақдим этилди, шундан миллий жамоамиз аъзолари 8 та масалани тўлиқ ечиб иккинчи ўринни эгаллади ва мусобақа кубоги билан тақдирланди.