Ўзбекистонда 20−21 август кунлари ўтказилган умумхалқ хайрия ҳашарида 17 миллиондан зиёд киши иштирок этди, дея хабар қилди ЎзА.

Икки кун давомида 40 минг гектарга яқин майдон ободонлаштирилди. Аҳоли турар жойлари, кўп қаватли бинолар атрофи, гузарлар, хиёбонлар, зиёратгоҳ ва қабристонлар тартибга келтирилди. Дарахтлар буталиб, оқланди. 25 минг километр узунликдаги ариқ-зовурлар, лотоклар тозаланди.

Ҳашар кунлари ёшларнинг «Нуронийлар эъзозимизда» акцияси ташкил этилди. Тадбир доирасида кекса ва ногиронлар, боқувчисини йўқотган ёлғиз кишилар, кам таъминланган оилаларнинг уй-жой шароитларини яхшилашга кўмаклашилди.

Ҳашаргача маҳаллалар ҳудудида 100 га яқин маиший хизмат кўрсатиш ва савдо шохобчалари, спорт иншоотлари, «Гўзаллик салонлари», маҳалла гузарлари барпо этилди.