АҚШнинг Украинадаги янги элчиси Мари Йованович украиналикларга видеомурожаат йўллади. Видео дипломатик миссиянинг YouTube-каналида намойиш этилди.

"Украинага қайтаётганимдан жуда хурсандман. У ерда яшаш ва ишлаш менга жуда ёқар эди. Итим билан мамлакат бўйлаб саёҳат қилиш, эски қадрдонлар билан учрашиш ва янгилари билан танишишни, ҳақиқий вареникларни ейишни интиқлик билан кутяпман", - дейди Йованович. 

Дипломат аёлнинг маълум қилишича, у Украинада 88 ёшли онаси билан бирга яшайди. 

Бундан ташқари янги элчи Украинанинг сўнгги икки йилдаги ютуқларига тўхталиб ўтди. "Бироқ ҳали кўп иш қилиш керак. Умид қиламанки, Украинани қўллаб-қувватлаш учун сизлар билан ҳамжиҳатликда ҳаракат қиламиз. Украинага шон-шарафлар бўлсин!", - дея ўз сўзларига якун ясади Йованович. 

АҚШ президенти Барак Обама 2016 йилнинг май ойида Йовановични элчи лавозимига таклиф қилди. Июль ойида Сенат унинг номзодини тасдиқлади. У 2013 йилнинг августидан Украинада элчи лавозимида фаолият олиб борган Жеффри Пайеттнинг ўрнини эгаллайди. 

Йованович бунга қадар Қирғизистон ва Арманистондаги дипломатик миссияларни бошқарган. Украина ОАВнинг маълумотларига кўра, дипломатнинг Киевга юборилишига унинг 2001-2004 йилларда бу мамлакатда миссия раҳбари ўринбосари лавозимида ишлагани сабаб бўлган. У рус тилида эркин гаплаша олади. 

Мари Йованович 1958 йилда Канадада таваллуд топган. Унинг оиласи Мари 3 ёшлигида Америкага кўчиб келган.