Рио-де-Жанейрода ўтказиладиган Паралимпия ўйинларининг очилиш маросимида беларуслик спортчилар бирдамлик рамзи сифатида турнирдан четлатилган Россия байроқларини ҳам кўтариб чиқишади. Бу ҳақда Sputnik Беларусь нашри Беларусь Паралмпия қўмитаси раиси Олег Шепелга асосланган ҳолда хабар қилди.

"Беларусь Паралмпия қўмитаси раиси сифатида мен бу ерда ҳам, Бразилияда ҳам жим турмоқчи эмасман. Мен Риодаги ўйинлар очилиши маросими вақтида спортчилар Беларусь ва Россия байроқларини бирга олиб чиқишига кўрсатма бердим", деган у.

У ногиронларни сиёсатга аралаштиришни ноинсонийлик деб атаган.

"Мен аминманки, 1,5 йил ўтар-ўтмас улар Россия Паралимпия терма жамоасидан узр сўрай бошлашади... Улар одамларнинг кўнглини қолдириш ёмон иш эканини тушуниб етишади", дея қўшимча қилган Шепель.

Бундан олдинроқ, Спорт Арбитраж суди Россия Паралимпия терма жамоаси Паралимпия ўйинларида иштирок этмаслигини маълум қилганди.

Ўйинлар 7-18 сентябрь кунлари давомида ўтказилади.