Германиядаги Bild таблоиди россиялик спортчиларнинг Паралимпиада ўйинларига қўйилмаганини хурсандчилик билан кутиб олди.

"Ҳеч бўлмаса Риодаги Олимпия ўйинларининг иккинчиси Россиясиз ўтади! Владимир Путиннинг ногирон спортчиларига Риога боришга рухсат берилмади", — дейилган нашр хабарида.

Мақола шундай номланган "Суд ниҳоят Россияни Риодан улоқтириб ташлади (Gericht schmeißt Russen endgültig aus Rio raus)".

Халқаро паралимпия қўмитаси (IPS) Бутунжаҳон аксилдопинг агентлигинининг (WADA) тавсиясига биноан россиялик спортчиларни Рио Паралимпиадасидан четлаштирганди.

Россия томони Спорт арбитраж судига (CAS) мурожаат қилганди, аммо бугун суд ХПҚнинг қарорини маъқуллади.

Bild германиялик паралимпиячилардан бири Маркус Ремнинг сўзларини келтирган.

"Бир томондан допинг ишлатмага спортчиларга ачинаман. Россия терма жамоасида қони тоза спортчилар ҳам бор. Улар учун бу қарор — шафқатсизлик. Бошқа бир томондан эса мен бу қарорни жуда-жуда тўғри деб ҳисоблайман", — деган у. Унинг айтишича, ХПҚ "Халқаро олимпия қўмитасидан кўра жасурроқ"".

Яна бир паралимпиячи-чемпион, енгил атлетикачи Генрих Попов эса Bild нашрига билдиришича, у бу борада қатъий усуллар қўллаш тарафдори, Россиянинг четлатилиши — допингга қарши курашдаги катта қадамдир.

"Лекин бу биринчи ва охирги қадам бўлса, бу тўғри эмас. Мен допингдан фойдаланадиган бошқа давлатлар ҳам борлигини биламан", — дея қўшимча қилган у.

Bild нашри допинг можароси фонида Россия олимпия терма жамоасига бойкот эълон қилганди. Нашр Россия олимпия терма жамоасининг Рио–2016 Олимпиада ўйинларидаги медаллар ҳисобини юритмади ва натижалари ҳақида маълумот бермади.

Немислар якуний рўйхатни тузишда ҳам шу қарорларида туришди: нашрдаги рўйхатда тўртинчи ўринни эгаллаган Россия делегацияси ташлаб ўтилди ва учинчи ўриндаги Хитойдан  кейин бешинчи ўриндаги Германия жойлашди.

2012 йилги Паралимпия ўйинларида Россия вакиллари 36та олтин медаль билан иккинчи ўринни эгаллаганди. 2014 йилги Қишки Паралимпиадада эса россияликлар 30та олтин медаль билан биринчи ўриндан жой олишган.