Қўйилган номнинг таъсири

Инсон ҳаётида исм катта ўрин тутади, дейишади. Футболда ҳам шундай экан. Бизнинг поезд “пиш-пиш” қилганича тезликни олиб, ўзи учун тарихий станция томон илдам бормоқда. Ишонинг, ҳали бу бошланиши... “Умари бор -“Ал-Айн”муш... Олдиндан чўчишни нима кераги бор? Биздаги маҳоратли - иккинчи ёшлигини бошлаган Сервер, Темурларчи?..  Геворкянни ўзи алоҳида таърифга эга.

“Локо”нинг аввалги мурабббийи Вадим Абрамовнинг «Араб жамоаларига қарши ўйинларда Ўзбекистон ҳеч қачон қийналмаслиги керак. Бу жамоалардан биз бир бош устунмиз», деган сўзлари ёдимда. Кўрасиз, жамоамиз юзимизни ёруғ қилади.

“Локомотив”ча ўйин услуби

Ҳа, жамоада аниқ мақсад йўлидаги киройи услуб шаклланибди. Клубда тажрибали футболчилар билан бир вақтда ёш, шижоатли ўйинчилардан фойдаланиш аъло даражада. Рақибни ўз ҳудудидаёқ босим остига олиш, олдиндан ўйланган комбинацияларни шошилмай, ишончли амалга ошириш, 90 дақиқа бор куч билан ўйнашга етарли жисмоний тайёргарлик...

Буларни бари - “Локо”да зўр иш берганига гувоҳмиз. Айниқса, стандарт вазиятлардан самарали фойдаланиш фоизи бизни қувонтирмоқда. Жепаров бежиз қитъада энг зўр бўлмаганлигини исботлаётгани ҳам рост. Тимур Копадзе ва Игнатий Нестеров темирйўлчилар оркестрига яхшигина дирижёр вазифасини ўташяпти. Ёш футболчилар эса, кўз тегмасин, ёмон эмас. Сўнгги дақиқаларгача бор кучини бериб ўйнаш “Локо”нинг услуби, дейилса янглиш гап бўлмайди.
Темир йўл Арабистон ярим оролида ҳам темир йўлдир. Ўша рельс, ўша тезлик.  

Буёғига ҳам омад

Дунёдаги энг тезюрар темир йўл локомотиви 1993 йили соатига 271 км тезликка чиқиб, Гиннес китобидан жой олган экан. Лекин  у ҳам бу қадар шиддатга анча йўл босиб тезлаб олгач сўнг эришган. Насиб қилиб, темирйўлчилар кейинги босқичга чиқишди. Агар жамоамиз финалга чиқса уларни – “Учар Локо” деб аташни таклиф қиламан.  
Буёғига поездимизни йўли равон бўлсин!

Элмурод Эрматов, Андижон.