G20 - халқаро иқтисодий ҳамкорликни муҳокама қилувчи муҳим майдон

Жамият 23 Август 2016 4170

Шу йилнинг 4-5 сентябрь кунлари Хитойнинг Чжетцзян вилоятида «Катта йигирмалик»ка аъзо мамлакат раҳбарларининг саммити бўлиб ўтади. Бу галги саммит “Инновацияли, соғлом, ўзаро алоқали ва инклюзив жаҳон иқтисодиётини қуриш” мавзусига бағишланади.

Саммит ўтадиган Ханчжоу шаҳар расмийлари хавфсизлик чораларини кучайтирмоқда. Бунинг учун бир қатор чекловлар жорий қилинди. Шаҳар ҳокимияти сайтида таъкидланганидек, 20 августдан бошлаб, шаҳарнинг айрим мавзеларига кириш чекланади. Саммит ўтадиган мавзе атрофида истиқомат қилувчи аҳоли ва компания ходимлари махсус гувоҳномалар асосидагина киришлари мумкин. Бошқа фуқаролар эса хавфсизлик назоратидан ўтиши шарт. Бундан ташқари, бу мавзега алоқаси бўлмаган автотранспортларнинг кириши ва чиқиши тақиқланади. Бу каби чоралар 31 августга қадар давом этади. 1 сентябрдан бошлаб эса маҳаллий аҳоли ва компания ходимларидан бошқаларнинг кириши тўхтатилади. Махсус гувоҳномага эга бўлган фуқаролар эса диққат билан текширилади. «Катта йигирмалик» саммити ташкилотчиларининг рухсати бўлган автомобилларгина анжуман ўтадиган ҳудудга кириши мумкин.

Ханчжоу расмийлари 28 августдан бошлаб бу ҳудудга почта олиб кирилишини ҳам чеклашга қарор қилди. Тегишли идораларнинг талабларига биноан полиция ва бошқа тузилмалар тумандаги компания ва корхоналар фаолиятини вақтинча тўхтатиб туриши ҳам мумкин. Бундан аввал Ханчжоу шаҳри ва унинг атрофидаги аҳоли пунктларига юк машиналари ва тракторларнинг кириши тақиқланган эди. Бу тақиқлов 28 августдан 6 сентябрга қадар амалда бўлади. Шу давр давомида соат 14.00дан тун ярмига қадар тоқ кунлари тоқ рақамли машиналар, жуфт кунлари эса жуфт рақамли машиналар ҳаракатланади. Чжетцзян вилоятидаги йўлларда пиротехника маҳсулотлари ва юқори токсик кимёвий моддалар ташувчи транспортлар ҳаракати ҳам тўхтатилади. Бугунги кунда Ханчжоу шаҳрида бир миллион 200 мингта автомобиль рўйхатга олинган. Шу сабабли ҳам сўнгги йилларда расмийлар йўллардаги автомобиллар тирбандлигини камайтиришга интилмоқда. 2011 йилнинг октябрь ойидан бери иш кунлари эрталабки ва кечки пайтларда шу кун қайси сонни англатса ўша рақамли автомобиллар қатнови чекланади. Аввалроқ эса шаҳарни ифлослантирмаслик борасида қарор қабул қилинган эди.
Ханчжоу шаҳри Чжетцзян вилоятининг маъмурий маркази бўлиб, Шанхай шаҳридан 180 километр жанубий-ғарбда жойлашган. Бу шаҳар ўзининг чой плантациялари билан анча машҳур.

Давлат ва ҳукумат раҳбарларининг саммитидан аввал Шанхайда «Катта йигирмалик» мамлакатларининг савдо вазирлари иштирокида учрашув бўлиб ўтди. Учрашув самарали якунланди. Бу хақда Хитой тижорат вазири Гао Хучен маълум қилди. Вазирлар глобал савдонинг ўсиши, жаҳон инвестиция сиёсати борасида тавсияларни ишлаб чиқдилар. Улар Савдо ва сармоялар бўйича ишчи гуруҳи тузиш борасида қарор қабул қилишди.

Хитой ташқи ишлар вазири Ван И яқинда саммитга тайёргарлик борасида журналистлар учун матбуот анжумани ўтказди. Вазир берган баёнотга қараганда айни дамда саммит ўтиши учун ҳамма нарса тахт қилиб қўйилган. Унинг айтишича, Хитой ўзининг раислиги мобайнида бир қатор муваффақиятларга эришди. “Хитой томони таклиф қилган саммит кун тартиби ва асосий масалалар иштирокчи давлатлар томонидан қўллаб-қувватланди. Ташқи ишлар вазири Ван И берган баёнотга кўра,саммитда жаҳон иқтисодиётига тааллуқли бўлмаган масалалар муҳокама қилинмайди. “G20-халқаро иқтисодий ҳамкорликни муҳокама қилувчи муҳим майдондир. Саммитда жаҳон иқтисодиёти билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинади. Агар қайсидир мамлакат жаҳон иқтисодиётига тегишли бўлмаган масалани муҳокама қилмоқчи бўлса, уларнинг таклифи қўллаб-қувватланмайди”, деди Ван И.

Саммит 4 сентябрда куннинг иккинчи ярмида очилиб, 5 сентябрда куннинг биринчи ярмида якунланади. Саммит доирасида мамлакат раҳбарларининг икки томонлама учрашувлари ўтказиш ҳам кўзда тутилган. Саммит якунида Хитой Халқ Республикаси раиси Си Сзинпин оммавий ахборот воситалари вакиллари учун матбуот анжумани ўтказади. Бу галги саммит аввалгиларидан фарқ қилади. Анжуман доирасида бизнес-саммит ўтказилиб, унинг ишида Си Сзинпин иштирок этади.

«Катта йигирмалик» (G 20 — инглизча The Group of Twenty, major advanced and emerging economies) — ҳукумат ва марказий банк раҳбарларининг клуби бўлиб, унга иқтисоди тараққий этган қуйидаги давлатлар: Австралия, АҚШ, Аргентина, Бразилия, Буюк Британия, Германия, Ҳиндистон, Индонезия, Италия, Канада, Хитой, Мексика, Россия, Саудия Арабистони, Туркия, Франция, Жанубий Корея, Жанубий Африка Республикаси, Япония ва Европа Иттифоқи кирган. Европа Иттифоқи номидан Еврокомиссия ва Европа Кенгаши раислари иштирок этади. G 20 анжуманларида, шунингдек, халқаро ташкилотлар, жумладан, Молиявий барқарорлик Кенгаши, Халқаро валюта жамғармаси, Жаҳон савдо ташкилоти, БМТ, Жаҳон банки раҳбарлари ҳам иштирок этади.

G 20 ва унинг замонавий дунё тараққиётидаги ўрни ҳақида гапирадиган бўлсак, бу ташкилот G7 ташаббуси билан дунёга келганлигини эслатиб ўтамиз.

1971 йилда Америка президенти Никсон даврида “бир унция олтин 35 долларга тенг” қоидасига барҳам берилди. Шундан сўнг жаҳон молия тизими таназзулга учрай бошлади. 1973 йилги араб-исроил уруши ва ундан кейинги нефть инқирози туфайли жаҳон молия тизимида инқироз кузатила бошланди. 1974 йил давомида АҚШ, Франция, Буюк Британия, Япония ва Германия иқтисод вазирлари бир неча бор Оқ уйнинг кутубхонасида учрашиб, юзага келган муаммоларни муҳокамма қилдилар. 1975 йилда иқтисод вазирларидан икки нафари - француз Валери Жискар ва немес Ҳелмут Шмидт давлат раҳбарлари этиб сайландилар. Валери Жискарнинг таклифига биноан беш мамлакат ва Италия раҳбарлари биринчи олий даражада учрашув ўтказдилар. Иккинчи учрашувда Канада ҳукумати раҳбари қатнашгани боис G7 гуруҳи ташкил топди.

1990 йилнинг ўрталарига қадар G7 раҳбарлари мунтазам равишда учрашиб турдилар ва жаҳон иқтисодий хамда молиявий тизимига ўз таъсирларини ўтказиб келишди. 1997 йилда Осиёда инқироз бошланди. Инқироз Осиё билан чекланиб қолмади, балки Тинч океан минтақасини, кейинчалик Россия ва Лотин Амеркасини ҳам қамраб олди. G7 раҳбарлари ўз ҳолларича глобал муаммолларни ҳал қила олмай қолдилар. Буни ўз вақтида пайқаб қолган Америка президенти Билл Клинтон Осиё-Тинч океани минтақасидаги мамлакатлар раҳбарлари иштирокида саммит ўтказиш ташаббуси билан чиқди. 1997 йилда Канаданинг Ванкувер шаҳрида 22 мамлакат раҳбари тўпланди. Шундан кейин G22 раҳбарлари иштирокида яна икки марта учрашув бўлди. Бироқ Европа ва Яқин Шарқдаги муҳим давлатларнинг йўқлиги сабаб, «Катта еттилик» гуруҳни G 33 кенгайтиришга қарор қилди. Шу тариқа 11 мамлакат қўшиб олинди. 1999 йилда G33нинг иккита учрашуви бўлиб ўтди. Бироқ гуруҳнинг кенгайтирилгани унинг иш самарадорлигини пасайтирди. Чунки ўзаро фикр алмашишда мураккабликлар юзага келди. Шу сабабли G7 янги имкониятларни қидира бошлади ва G20 борасидаги қарорга келди.

Маълумки, Иккинчи жаҳон урушидан кейин АҚШ якка ўзи жаҳон иқтисодиёти бошқарувига ўтириб олди. Аммо 60-70-йиллардаги иқтисодий инқирозларни бартараф этиш йўлида бошқа давлатлар билан ҳамкорлик қилишга мажбур бўлди.
G7 90-йиллардаги иқтисодий инқирозларни бартараф этиш йўлида ривожланиш йўлига ўтган мамлакатлар билан ҳамкорлик қилиш лозимлигнини англаб етган эди. 1999 йил июнида бўлиб ўтган саммит қабул қилган декларацияда G7 раҳбарлари “муҳим давлатларни жалб қилиш орқали” норасмий мулоқот майдончаси ташкил этиш устида иш олиб борилиши қайд қилинган эди. Шу тариқа 1999 йилнинг декабрида илк бор иқтисод вазирлари иштирокида учрашув бўлиб ўтди ва гуруҳга G20 номи берилди. Биринчи декларацияда G20 19та мамлакат ва Европа Иттифоқидан ташкил этилиши айтилади. G20га Туркия ҳам қабул қилинди. Ғарб мамлакатларидан иборат «Катта еттилик» раҳбарлари Туркияни мусулмон ва демократик мамлакат, НАТО аъзоси ва Европа Иттифоқига номзоди қўйилган, Ғарб дунёси ва демократик қадриятлардан узоқлашмаган мамлакат бўлгани учун хам G20га қабул қилишди.

G20 ташкил топганидан сўнг жаҳонда юз берган глобал инқироз мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини янада юксак даражага олиб чиқишни тақозо қилди. Шундан сўнг иқтисод вазирлари сафига давлат ва ҳукумат рахбарларини хам қўшиш борасида таклиф бўлди. 2008 йил 14—15 ноябрь кунлари Вашингтонда бўлиб ўтган биринчи, 2009 йил 2 апрель куни Лондондаги иккинчи учрашувда инқирозни бартараф этиш йўлида ўта муҳим қарорлар қабул қилинди. Бироқ кузатувчиларнинг фикрича, инқирознинг жаҳон иқтисодиётига таъсири сусайгани боис G20 томонидан қабул қилинадиган қарорлар аҳамияти хам пасайиб борди. Айни дамда G20 у ёки бу масала юзасидан ўзаро фикр алмашадиган сиёсий майдон сифатида кўрилади. “Глобал инқирозларни ҳал қилиш йўлида G20дан кўп нарса кутиб бўлмайди”, дегувчилар ҳам бор. Халқаро Валюта жамғармаси маълумотларига кўра, 1970 йилдан 2008 йилга қадар жаҳон иқтисодиётида турли кўринишдаги 100дан ортиқ инқироз кузатилган. Бу инқирозларни бартараф этиш йўлида G7 ҳам, G20 ҳам жиддий чоралар кўрмагани тан олинади.

Шарофиддин Тўлаганов

Кун янгиликлари
«Qorako'l Ziyo-Nur» ўқув маркази ўқувчиларининг 92,6 % талабалар сафига қабул қилинди
08:17 16194 Lifestyle
KUN.UZ Тошкент вилоятига ташриф буюради. Савол ва таклифлар қабул қилинмоқда
00:08 / 20.08.2017 12048 Ўзбекистон
Ногиронлик ва мазлумлик исканжасида: бир аёл яхшилар саховатидан умидвор 
15:55 / 18.08.2017 47553 Жамият
Давлат ва ОАВ: Ахборот майдонида монополияга чек қўйиш вақти келди
22:00 / 16.08.2017 21655 Ўзбекистон
Kun.uz Сирдарё ҳокими билан учрашади. Аҳолидан саволлар қабул қилинади
18:40 / 16.08.2017 9025 Ўзбекистон
Bugatti АҚШдаги илк мижозига гиперкарини етказиб берди
21 августдаги қуёш тутилиши қачон бошланади
19:10 1523 Жамият
KUN.UZ хайрия акцияси: Жаҳонгирнинг бир оёғида операция ўтказилди, йигит барчадан миннатдор
19:03 469 Жамият
Анатолий Антонов Россиянинг АҚШдаги элчиси лавозимига тайинланди
19:01 420 Жаҳон
Ҳаётни мураккаблаштирувчи 10 хато
19:00 1539 Lifestyle
Кўпроқ янгиликлар