Ўзбекистонлик полвонлар Ҳонгконгда ўтказилган тош кўтариш ва баҳодирлар ўйинларида ғалаба қозонишди. “Сен ёлғиз эмассан” хайрия жамғармаси раиси, Ўзбекистоннинг ЮНЕСКОдаги доимий вакили, Ўзбекистон гимнастика федерациясининг президенти Лола Каримова-Тилляева Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилиб, олтин ва кумуш медалларни қўлга киритган Сергей Трубицин ва Ҳамза Примовнинг суратини ижтимоий тармоқлардаги шахсий саҳифасига жойлаштириб, уларни ғалаба билан қутлади ҳамда бу ютуқ у ва оила учун жуда қадрли эканини алоҳида эътироф этди.

Осиёда илк маротаба ташкил этилган мазкур мусобақаларнинг «Arnold Strongman Classic» беллашувларида Австралия, АҚШ, Буюк Британия, Ҳонгконг, Ирландия, Малайзия, Сингапур, Таиланд, Филиппин, Хитой ва ўзбекистонлик спортчилар энг кучли полвон номи учун кураш олиб боришган.

Шуни таъкидлаб ўтиш жоизки, ўзбекистонлик полвонлар энг оғир – 105 кг вазндан юқори бўлган спортчилар тоифасида қатнашди ва барча босқичларда энг юқори кўрсаткичларга эришиб, рақибларини ортда қолдиришди.

“Инстаграмдаги постларимдан бирида мазкур спорт турини Ўзбекистонда ривожлантириш йўлида турмуш ўртоғим Тимур Тилляев томонидан амалга ошириб келаётган саъй-ҳаракатлар хусусида тўхталиб ўтган эдим. Шу сабабдан ҳам полвонларимиз ғалабаси биз учун жуда қадрлидир.

Спортчиларимизни чин дилдан ғалаба билан қутлайман ва келажакдаги мусобақаларда ҳам уларга улкан зафарлар тилаб қоламан!”, дейилади Лола Каримова-Тилляеванинг постида.