Бир гуруҳ мексикалик муҳандис ва дизайнерлар 1400 от кучига эга The Inferno гиперкарини кичик серияда ишлаб чиқаришни ташкил этишмоқчи. Унинг прототипи 2015-йилда намойиш этилганди. Бу ҳақда ўз манбасига таянган ҳолда Car Buzz хабар қилмоқда.

Купе 7 йил мобайнида италиялик Антонио Ферраиоли раҳбарлигида мексикалик мутахассислар томонидан ишлаб чиқилди. Антонио бундан аввал, Lamborghini компаниясининг Veneno, Reventon ва Asterion эксклюзив машиналарини яратишда иштирок этганлардан биридир.

The Inferno гиперкарининг кузови пенометаллдан ишлаб чиқилган. Унинг асосини алюминий, кумуш ва рух металлари қотишмаси ташкил этади. Бу материал зичлиги жуда паст бўлиши баробарида шовқинни ютиши ва қаттиқлиги юқоридир. Шу билан бирга қотишма ўзининг илк ҳажмидан 100мартагача чўзилиши мумкин. Бу эса, зарбалар амортизациясининг юқори даражасини таъминлайди. 

Гиперкарга 8 цилиндрли жуфт-турбо мотор ўрнатилган бўлиб, у «жуда жиддий ишлаб чиқарувчи» томонидан етказиб берилади. 1400 от кучини берувчи двигателга эга купе 2,7 сонияда 96 км тезликка эриша олади. Унинг энг юқори тезлиги соатига 394 кмни ташкил этади. 

The Inferno 2016-йил охиридан бошлаб ишлаб чиқарилиши керак. Машиналарнинг илк партияси First Edition дея номланиб 12 дона нусха билан чекланади. Купенинг нархи 2,14 миллион долларни ташкил этади.