Оксфорд университети руҳшуноси Кевин Даттон психопатлик аломатларига эга дунё етакчилари рейтингини тузди. Тадқиқот натижалари The Independent нашрида чоп этилди.

Даттон мутахассисларга саволлар рўйхатини тақдим қилган, улар саволларга тарихий шахслар ва у ёки бу етакчилар нуқтаи назаридан жавоб берганлар. 
Натижада рейтингнинг 1-поғонасини 189 очко билан Ироқнинг собиқ раҳбари Саддам Ҳусайн эгаллаган.

Рейтингнинг 4-ўринини 171 балл билан Дональд Трамп эгаллаган. Бу орада нацист Германия раҳбари Адольф Гитлер Трампдан 2 марта камроқ балл тўплаган. Трампнинг АҚШ президенти лавозимига сайловлардаги рақиби Хиллари Клинтон 152 балл билан 11-ўринни эгаллаган. Бундан ташқари, 10-ўринни француз императори Наполеон Бонапарт эгаллаган.

Нашрнинг таъкидлашича, тадқиқотда шахснинг психопатлик сифатларини баҳолаш услуби – PPI-R (Psychopathic Personality Inventory)’дан фойдаланилган. Бу услубга 8 та мезон, жумладан жасурлик, совуққонлик ва стрессларга бардошлик каби сифатлар киради. 

Рейтинг муаллифининг таъкидлашича, тарихдаги қаҳрамон етакчилар ва ёвуз етакчилар оддий одамларга нисбатан психопатликка кўпроқ мойил бўлганлар, бироқ бу ерда керакли омилларнинг бирикмаси ҳал қилувчи ҳисобланади. "Мисол учун, кимдир катта таъсир, ботирлик ва совуққонлик учун кўпроқ балл олса, у одил қарорлар қабул қиладиган муваффақиятли етакчи бўлиши мумкин. Бироқ бу жиҳатларга бошқа одамларни айбдор қилиш жиҳати қўшилса, унда бу одам генгоцидга мойил сафсатабозга айланиши мумкин", деб тушунтирди Даттон.

Нашрнинг таъкидлашича, аввалроқ руҳшунослар қайси касб эгалари кўпроқ психопатликка мойиллиги рўйхатини тузишганди. Бундай одамлар орасида компания раҳбарлари, ҳуқуқшунослар, журналистлар, сотувчилар ва жарроҳлар бўлган.