Россия президенти Владимир Путин Франция президенти Франсуа Олланд ва Германия канцлери Ангела Меркель билан телефон орқали мулоқот ўтказган. Давлат раҳбарлари Украинадаги ички инқирозни ва украиналик қўпорувчиларнинг Қримда ушланиши билан боғлиқ вазиятни муҳокама этишган. 

«Владимир Путин ҳамкорларининг диққатини Украина томонининг қўпол фитнасига қаратган. Расмий Киев, Россия Федерацияси ҳудудида террорчиликларни содир этиш мақсадида бир гуруҳ қўпорувчиларни сафарбар қилган. Киев маъмуриятининг бу каби жиноятларга мойиллиги Минск келишуви ҳамда «норманд тўртлиги» доирасидаги ҳамкорликка путур етказади», — дейилади Кремль сайтида жойлаштирилган хабарда.