22 август куни Ўзбекистон Миллий матбуот марказида «Ўзтрансгаз» акциядорлик компаниясида амалга оширилган ислоҳотлар ва эришилган натижаларга бағишланган матбуот анжумани ўтказилди. Бу ҳақда ЎзА хабар берган.

«Ўзтрансгаз» акциядорлик компанияси бошқаруви раисининг ўринбосари М.Бошманов ва бошқа раҳбарлар иштирокида кечган анжуман давомида Ўзбекистонда автомобилларга газ тўлдиришга мўлжалланган 475 компрессор станцияси фаолият кўрсатаётгани ҳамда 2020 йилга бориб уларнинг сонини 809тага етказиш режалаштирилгани таъкидланди.

Давлат раҳбарининг 2012 йил 21 декабрдаги «Ўзбекистон Республикасининг 2013 йилги инвестиция дастури тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, компания томонидан табиий газ истеъмолини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимини амалиётга жорий этишга киришилди. Лойиҳа дастлаб пойтахтимизнинг Юнусобод ва Тошкент вилоятининг Қибрай туманларида амалга оширилиши кўзда тутилган бўлиб, истеъмолчиларга 108 минг 615 дона ҳисоблагич ўрнатилади. 

2015 йилнинг июнь ойидан газ таъминоти ва истеъмоли бўйича маълумотларни онлайн режимда олиш имкониятини тақдим этадиган веб-портал ишга туширилди. Ҳозирги пайтгача тизимдан 500 минг фойдаланувчи рўйхатдан ўтиб, ўз шахсий кабинетини очган. Аҳолига газ берилишини назорат қилиш ҳамда ҳисоб-китобларни юритувчи «L Gas», «Фосса» дастурлари ишлаб чиқилиб, амалиётга жорий қилинган.