Жанубий Корея республикасида сўнгги 15 йилда илк маротаба инсоннинг вабо касаллигини юқтириши билан боғлиқ ҳолат рўйхатга олинган. Бу ҳақда, Ёнхап агентлиги Юқумли касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш марказига таянган ҳолда хабар қилмоқда. 

Унинг маълумотларига кўра, хасталанган кишининг ёши 59да бўлиб, у хорижга чиқмагани аниқланган. Шунга кўра, вабо касаллиги манбаси республиканинг ўзида экани маълум бўлган. 

Агентликнинг қайд этишича, холера ташхиси 22-август куни тасдиқланган, бу вақтга келиб хасталанган бемор тузалиб, шифохонани тарк этишга тайёрлиги айтилмоқда. Унинг рафиқаси ва икки фарзандининг соғлиғида муаммолар кузатилмаган. 

2001-йили ушбу республикада 162 нафар кишига вабо хасталиги ташхиси қўйилган эди. Шундан бери, бу касалликни юқтириш ҳолати қайд этилмаганди. 

Айни вақтда, Жанубий Корея шифокорлари вабо манбасини аниқлашга ҳаракат қилмоқдалар. Беморнинг импорт қилинган маҳсулотни истеъмол қилган бўлиши тахмин қилинаётган бўлса-да, маҳаллий ошхоналар ҳам гумон қилинмоқда.