Аргентиналик фермерлар етиштираётган маҳсулотлари нархи арзонлигига норозилик сифатида ўзига хос акция ўтказишди. Улар, 10 тонна мевани текин тарқатиб юборишган. Бепул мевалардан олиш учун навбатга турганлар қатори "Каса росада" президент саройи олдидаги майдонга чўзилиб кетган.

Намойишда Рио-Негро ва Неукен вилоятларидан келган 70га яқин фермер қатнашган. Талабнинг катта бўлгани сабаб, улар келтирган мевалар 2 соат ичида тугаб қолган. 

Фермерлар, бир кило олма учун 3 песо (0,2 доллар) олаётганларини адолатсизлик деб ҳисоблашмоқда. Ахир, худди шундай олманинг бир килоси супермаркетларда 25-29 песо (1,7-2 доллар)дан сотилади. 

"1 кг олма учун 3 песо, 1 кг нок учун 2,1 песо тўлаш, уни етиштириш учун сарф қилинадиган 4,5 песо (0,3 доллар)ни қаёқдан қопласин", - деган Аргентина аграр федерацияси бўлимларидан бирининг раҳбари Пабло Кастель.

Фермерларнинг таъкидларича, 2 минг ишлаб чиқарувчи ёпилиш арафасида. 60 минг киши ишидан айрилиши мумкин. Бундай шароитда, кўпчилик деҳқонлар маҳсулотларини нархлар қимматлашувидан умид қилган ҳолда музлатиб қўйишга қарор қилишган.