Италиянинг марказий қисмида 6,1 балли зилзила қайд этилди. Европанинг EMSC сейсмология маркази берган хабарга кўра, зилзила эпимаркази Л’Акуила шаҳридан 48 км шимолда, мамлакат пойтахти Рим шаҳридан 116 км шимоли-шарқда жойлашган. Зилзила ўчоғи 10 км чуқурликда жойлашган.

Зилзиладан энг кўп даражада Аматриче шаҳри талофат кўрган. Шаҳар мэри Сержио Пироццининг маълум қилишича зилзила жиддий вайронагарчиликларга олиб келди, одамлар бинолар харобалари остида қолди.

«Шаҳарга олиб борадиган ва у ердан олиб чиқадиган кўчалар тўсилган. Шаҳарнинг ярми йўқ бўлиб кетди. Одамлар вайроналар остида қолди… Ер ўпирилиши рўй берди, кўприк қулаб тушган бўлиши мумкин», — деган Пироцци.

АҚШ Геология хизмати (USGS) маълумотларига кўра, ер силкинишлари кучи 6,2 ни ташкил қилган.

Зилзилани мамлакатнинг бошқа кўплаб шаҳарлар, жумладан, Рим аҳолиси ҳам яққол сезган.

"Ҳаётимдаги энг даҳшатли лаҳза. Кароватим қимирлаганида уйқудан уйғониб кетдим. Бу зилзила эди Рим!", дея ёзган твиттер фойдаланувчиларидан бири.

Зилзиладан жабр кўрган шаҳарлар қаторида — Аккумоли, Аматриче, Поста ва Аркуата-дель-Тронто шаҳарлари бор. Тонг отиши биланоқ бу ҳудудларга вертолётлар жўнатилди ва зарар кўламини ҳисоблаш бошланди.

Маълумот учун, Л'Акуила вилоятида 2009 йилда рўй берган қатор зилзилалар оқибатида 300 киши ҳалок бўлган, минглаб бинолар харобага айланганди.