14 киши Италиядаги кучли зилзила ва қайталаниш вақтида ҳалок бўлган. Бу ҳақда мамлакат ҳукумати вакили RAI телеканали орқали хабар берган.

Аматриче шаҳрида зилзила туфайли 8 киши ҳалок бўлгани тасдиқланди. Аккумоли шаҳридаги қурбонлар сони эса 4 нафар.

"4 киши харобалар остида қолиб кетган. Уларни қутқариб қолишнинг иложи бўлмади. Ота ва она ҳамда уларнинг икки фарзанди", деган Аккумоли шаҳри мэри Стефано Петруччи.

Шунингдек, Аркуата-дель-Тронто шаҳрида икки киши ҳалок бўлган.

Зилзиладан энг кўп жабр кўрган шаҳар бўлмиш Аматриче шаҳри мэри Серджио Пироцци ҳам шаҳарнинг деярли ярми вайрон бўлгани, харобалар остида одамлар қолиб кетгани ҳақида маълум қилганди.

24 августга ўтар кечаси, маҳаллий вақт билан соат 01:36да (Тошкент вақти билан соат 6:36да) Италиянинг марказий қисмида 6,1 балли зилзила қайд этилди. Зилзила кучини мамлакат пойтахти Рим шаҳрида ҳам сезишган.