24 августга ўтар кечаси Италиянинг марказий қисмида содир бўлган кучли ер қимирлаши оқибатида қурбон бўлганлар сони 45 нафарни ташкил қилмоқда. Бу ҳақда Италия Фуқаро ҳимояси хизматининг матбуот котиби Иммаколата Постильоне маълум қилган.

Постильоненинг сўзларига кўра, юзлаб кишилар бедарак йўқолган, қурбонлар сони ортиши мумкин.

6,1 балли биринчи ер ости силкиниши маҳаллий вақт билан тунги соат 03:36 да содир бўлган (Тошкент вақти билан 06:36). Ер қимирлаши эпимаркази Риети вилоятидаги Аккумоли шаҳри яқинида, ер юзидан тахминан тўрт километр чуқурликда бўлган. Ушбу силкинишлар натижасида Аматриче шаҳрида ҳам кучли вайронгарчиликлар содир бўлган.

1 соат ўтиб 5,4 балли иккинчи силкиниш  Умбрия вилоятида содир бўлган.

Рим ва Болонья шаҳарларида ҳам ер силкиниш ҳолатлари кузатилган. Асколи Пичено, Фермо вилоятларида ҳамда Марке вилоятининг Мачерата шаҳарчиси ҳам бу табиий офатдан талофат кўрган.

Ер қимирлаши марказидан 2 км масофада жойлашган Аккумоли шаҳарчасида биноларнинг ярми бузилиб кетган, жуда кўп одамлар уйлар ва деворлар синиқлари остида қолган.

Зилзила туфайли 2,5 минг киши эвакуация қилинган.