Россиянинг «АвтоВАЗ» компанияси янги йўлтанламас концепт-кари XCODE моделини намойиш этди. Кроссовер прототипи Москвада иш бошлаган автокўргазмада омма эътиборига ҳавола этилди. Умуман, автозавод ушбу моторшоуга 6та концепт-кар, жумладан Vesta седани ва Xray хэтчбекининг йўлтанламас намуналарини олиб келган.

Автомобилсозлик компаниясининг қайд этишича, XCODE «Лада» дизайнерлик услубининг ўзгаришини намоён этади. Бу илк бор XRay ҳамда Vesta моделларида кўринган эди.

«Автомобиль концепцияси бир қатор истиқболли ечимларни ўзида мужассам этган. Турбомотор ва барча ғилдиракларининг етакчилик хусусияти, машинани смартфон ёрдамида бошқариш имконини берувчи Lada Connect телематик платформаси шулар жумласидан», — деб қайд этишган «АвтоВАЗ»да.

Ҳозирча компания Lada XCODE модели серияли тарзда ишлаб чиқарилиши борасида режаларини ошкор қилмаган. Бироқ, «АвтоВАЗ»нинг бош дизайнери Стив Маттин сўзларига кўра, прототипни серияли русумга айлантириш учун ўртача 4 йил вақт кетади.