Американинг TMZ нашри Линдси Лоханнинг Биринчи телеканалдан (Россия) 500 минг фунт стерлинг, Москвага хусусий самолётда парвоз қилиш ва Владимир Путин билан учрашишни талаб қилганлиги ҳақида маълумот берганди. L!FE Лоханнинг Биринчи каналдаги ток-шоуда иштирок этиши учун 19 “эксклюзив” шартларидан воқиф қилди.

Маълум бўлишича, актриса талаб қилган пул қиймати аввал маълум қилинганидан юқори бўлиб чиқди: Линдси ўзининг телеканалдаги иштирокини 650 минг фунт стерлингга баҳолади. Лохан ўзи истаган компаниянинг хусусий “жети”да парвоз ташкиллаштиришни, шунингдек Кремль кўриниб турадиган Москванинг “Ритц-Карлтон” меҳмонхонасида яшашни талаб қилган. 

Актрисанинг шартларига кўра, уни 24 соат бир неча тан соқчилари қўриқлаши шарт. Америка ОАВ “юлдуз”нинг Путин билан учрашмоқчи эканлигини маълум қилган эди, бироқ Лоханнинг вакили унинг бундай истак билдирмаганини айтди.
 
 “Шартномада бундай бўлим йўқ. Линдси Путин билан учрашмайди”, - дея маълум қилган актрисанинг продюсери Жозеф Бейчор.  

Энг асосий бўлимлардан бири Линдсининг Москвада бир чақа ҳам кетказмаслиги ҳақидадир: барча харажатларни Биринчи канал ўз зиммасига олиши шарт. Шунингдек Лохан ток-шоуда Егор Тарабасов ҳамда унинг ота-онаси ва йигитнинг собиқ севгилиси Дарья Пашевкиналар мутлақо иштирок этмаслигини талаб қилган.