Мисрда черковлар қуришга рухсат берувчи янги қонун қабул қилинади. Бу ҳақда Миср бош вазири Шариф Исмоил маълум қилди.  

"Қонун устида иш Копт православ черкови билан биргаликда олиб борилади", деб айтди Исмоил. Миср давлат кенгашида кўриб чиқилган қонун лойиҳаси ҳозирда ҳукуматда кўрилмоқда, сўнгра парламентга топширилади. 

Бу орада қонун лойиҳаси танқидчилари копт черковлари аввалгидек маҳаллий ижроия органлари тасарруфида бўлиши ҳақидаги бандни қоралашмоқда, чунки бу маҳаллий ижроия органларига янги черковларни қуриш ва мавжудларини таъмирлашга рухсат беришда мутлақ ҳокимликни беради. Бундан ташқари, черков вакиллари "қонуннинг баъзи моддаларига ўзгартиришлар киритишга йўл қўйиб бўлмаслигини, чунки бу Мисрнинг миллий бирдамлигига раҳна солиши мумкинлигини" айтишмоқда. Бунга жавобан бош вазир "бўлғуси қонун бўйича маслаҳатлашувлар ва ўзаро ҳамкорлик мунтазам амалга оширилаётганини" айтган. 

Мисрнинг собиқ президенти, мамлакатда диний тоқатлик ва толерантлик сиёсатини юргазган Ҳусни Муборак давридаёқ коптлар ҳукуматдан янги черковлар қуриш учун рухсат олишга кўп уринишган. Парламентга бир неча бор киритилган қонун лойиҳаси ҳар гал тўсиб қўйилган ва ҳанузгача бу масала қатъий тақиқлов масаласи бўлиб қолмоқда. 

Ҳуқуқни ҳимоя қилиш ноҳукумат ташкилотлари маълумотларига кўра, 2011 йилдан 2016 йилгача Мисрда вандаллик ҳаракатларидан ўнлаб черковлар зиён кўрган, улардан кўплари ёқиб юборилган ёки қисман вайрон қилинган. 2013 йилда Муҳаммад Мурсий ҳокимиятдан ағдарилгандан кейин қўпорувчилар томонидан ҳужумга учраган 78 та черковдан 26 таси мамлакат армияси кўмагида қайта тикланган. Мамлакатда диний адоват негизидаги энг нотинч жойлардан бири Эл-Миня вилояти бўлиб қолмоқда. Бу ерда охирги 5 йил ичида 77 та тўқнашув қайд этилган, улар давомида черковлар ва диний мактабларга ҳужумлар уюштирилган.  

Аҳолиси 90 млн кишидан иборат Мисрда 10 фоиз аҳоли насронийлик динига эътиқод қилади.