Норвегия ноқонуний муҳожирларнинг оқимини тўхтатиш учун Россия билан чегарада тўсиқ қурмоқчи. Бу ҳақда Reuters ахборот агентлиги хабар бермоқда. 

Баландлиги 3,5 метрлик ва узунлиги 200 метрлик панжара икки давлат ўртасида ягона ўтказиш пункти "Борисоглебск — Стурскуг" ёнида қурилмоқчи. Тўсиқ дарвоза билан жиҳозланади. Панжаралар қурилиши яқин ҳафталарда, совуқ тушгунча тугатилиши керак.

Россия билан чегарада тўсиқ қуриш қарори бир қатор норвегиялик сиёсатчилар ва жамоат арбобларининг салбий муносабатига сабаб бўлди. Уларнинг фикрича, бу совуқ урушнинг акс садоси бўлади. Бундан ташқари, ушбу қадам тақибдан қочаётганларга Норвегияга киришга халақит беради. "Тўсиққа эҳтиёж кўрмаяпман. Европада ҳозир умуман кўп тўсиқлар ўрнатилмоқда", деб айтди чегара ўтказиш пункти жойлашган Сёр-Варангер коммунаси раҳбари Руне Рафаэльсен.

Чегарада тўсиқ барпо этиш ғояси биринчи маротаба 2016 йил апрелда билдирилганди. Норвегия ҳукуматида Россия бундан хабардор қилингани ва у томондан бунга эътироз билдирилмагани айтилган.