Халқаро ҳаваскор боксчилар уюшмаси (AIBA) ирландиялик боксчи Майкл Конланни Рио-де-Жанейро Олимпиадаси вақтида россиялик Владимир Никитинга қарши жангдан кейин рухсат этилмаган хатти-ҳаракатни амалга оширгани учун жазолайди. Бу ҳақда "Би-би-си" хабар берган.

Олимпиаданинг бокс спорти бўйича 56 килограммгача вазн тоифасида иштирок этган спортчи Никитинга қарши жангда ҳакамлар қарорига кўра мағлуб бўлди ва у ҳакамлар қарорига жавобан ўрта бармоғини кўрсатди.

Кейинчалик у ўз мағлубиятида Россия президенти Владимир Путинни айблади.

AIBA спортчининг бу ҳаракатини дарҳол қоралади.

"Интизомий жазо қўлланади. Ҳеч ким ҳакамларни омма олдида ҳақоратлашга ҳақли эмас", деган ассоциация президенти Чин-Ко Ву.

Президент AIBA ўз ҳакамларини ҳам текширишини маълум қилган.

2020 йилги Олимпиада вақтида очколарни ҳисоблаш тизимига ўзгартириш киритилиши кутилмоқда.

"Бизда рефери ва ҳакамларни кузатувчи махсус комиссия мавжуд. Агар қайсидир ҳакам ўз ишида масъулиятсизликка йўл қўйиб, хато қилган бўлса, комиссия вакиллари у билан суҳбат ўтказишади", деган Ву.

2016 йилги Олимпиадада бокс бўйича 52та медаль ўйналди. Ўзбекистон боксчилари турнирда 3та олтин, 2та кумуш ва 2та бронза олиб, биринчи ўринни эгаллади.