Рио-де-Жанейро Олимпиадасидан олтин ва кумуш медаллар билан қайтган боксчилар Фазлиддин Ғоибназаров, Шаҳобиддин Зоиров, Ҳасанбой Дўсматов, Шаҳрам Ғиёсов ва Бектемир Мелиқўзиев "Ўзбекистон ифтихори" фахрий орденига муносиб кўрилди.

Бугун Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг йигирма беш йиллиги муносабати билан фан, таълим, соғлиқни сақлаш, адабиёт, маданият, санъат, маънавият ва маърифат, оммавий ахборот воситалари ҳамда ижтимоий соҳалар ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони эълон қилинди. Ҳужжат матни ЎзА сайтида келтирилган.

Унга кўра, бокс бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзолари, Олимпиадада бронза медаль олган Рустам Тўлаганов ва Муроджон Аҳмадалиев, Эркин кураш бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзолари Магомед Ибрагимов ва Ихтиёр Наврўзов ҳамда Дзюдо бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси Диёрбек Ўрозбоев “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган спортчи” ордени билан тақдирланди.

Оғир атлетика бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси Руслан Нуридинов ва Дзюдо бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси Ришод Собиров “Эл-юрт ҳурмати” ордени эгалари бўлишди.

Юнон-рум кураши бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси, Рио Олимпиадасида бронза медаль олган Тасмурадов Елмурат эса “Меҳнат шуҳрати” ордени билан мукофотланган.