Бугун Бобур номли вилоят театри биносида ўрта махсус, касб-ҳунар таълими ходимлари анъанавий август кенгашига йиғилишди. Тадбирга соҳада фаолият юритаётган ходимлар, жамоатчилик вакиллари ҳамда ОАВ ходимлари таклиф қилинди. Кенгашда вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Муҳаммаджон Нишонов ҳамда вилоят ҳокимининг ўринбосари, вилоят хотин-қизлар қўмитаси раиси Манзурахон Юнусовалар иштирок этди.

Тадбир аввалида сўз олган вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Муҳаммаджон Нишонов таълим ходимларини Мустақиллигимизнинг яқинлашиб келаётган 25 йиллик байрами билан табриклаб, келажак авлодни замон руҳида тарбиялашда фидойи педагогларнинг ўрни беқиёс эканлигига тўхталди.

Вилоят ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармаси бошлиғи Абдурашид Мамиров ўз маърузасида ўтган ўқув йили натижаларини сарҳисоб қилиб, янги ўқув йилида таълим муассасаларини касбий тайёргарликка эга, замонавий фикрловчи кадрлар билан таъминлаш, илғор педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларни таълим жараёнига кенг тадбиқ этиш ҳамда ўқувчиларга таълим-тарбия бериш самарадорлигини янада ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилишини таъкидлади. Кенгаш давомида сўзга чиққан маърузачилар педагог кадрлар салоҳиятини ошириш, таълим жараёнига ахборот технологияларни кенг жорий этиш - уни янги сифат босқичига кўтариш, битирувчиларни ишга жойлаштириш бўйича ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

Тизимда самарали меҳнат қилаётган бир қатор ходимларни тақдирлаш маросими ўтказилди. Тадбир сўнгида Андижон санъат коллежи ўқувчилари томонидан тайёрланган катта концерт дастури намойиш этилди.

Элмурод ЭРМАТОВ, Андижон.
Суратлар муаллифи: Хурсандбек Араббоев