Австралиянинг Domino’s Pizza компанияси Янги Зеландияда пиццани дронлар ёрдамида етказиб бериш бўйича биринчи хизматни ишга туширишини эълон қилди. Бу ҳақда Bloomberg ахборот агентлиги хабар бермоқда.  

Синовдан ўтказилиши бу йил Янги Зеландияда бошланадиган лойиҳа АҚШнинг  юкларни дронлар ёрдамида етказиб беришга ихтисослашган Flirtey компанияси билан биргаликда амалга оширилмоқда. Domino’s ўз маҳсулотларини шунингдек Австрия, Бельгия, Франция, Нидерландия, Япония ва Германияда дронлар ёрдамида етказиб беришни мўлжалламоқда.

"Биз икки килограммлик буюртмани етказиб беришда икки тонналик машинадан фойдаланишни доимо беъманилик деб ҳисоблардик", деб айтди Domino’s раҳбари Дон Мейж. Унинг айтишича, дронлар етказиб беришнинг бошқа усуллари олдида анча афзалликларга эга, чунки йўлар билан чекланмаган ва автомобиль оқими билан боғланмаган. 

Агентликнинг маълум қилишича, Янги Зеландия ҳукумати ўтган йили авиация соҳасида янги қоидалар киритган бўлиб, бу қоидалар дронларни тижорий мақсадларда қўллашга рухсат беради. Бундан ташқари, мамлакатда автопилотда ишловчи транспорт воситаларини қўллаш қоидалари қайта кўриб чиқилган. 

Пиццани дронлар ёрдамида етказиб бериш бўйича биринчи якка ҳолатлар Ҳиндистоннинг Мумбай шаҳрида амалга оширилган. Domino’s бу технологияни оммавий йўлга қўядиган дунёдаги биринчи компания бўлади.