Бугун Бразилияда президент Дилма Руссеффнинг импичмент жараёни якуний босқичи бошланади.

Бу босқич бир неча кун олади, босқич Олий суд раҳбари Рикарду Левандовски раҳбарлигидаги Сенатнинг шошилинч мажлиси очилиши билан бошланади.

26 август куни эса гувоҳларни сўроқ қилиш ташкил этилади. Бу жараён кун давомида бўлиб ўтиши ва кейинги кунда ҳам давом этиши кутилмоқда.

Асосий воқеалар 29 август куни рўй беради. Айнан шу куни Руссефф ўзини ҳимоя қилишга киришади.

Telesur талеканали хабарида унга нутқ қилиш учун ярим соат ажратилиши айтилган, лекин Левандовски зарурат туғилса бу муддат узайтирилиши мумкинлигини айтган. Бу жараёнда айбловчилар ва ҳимоячилар давлат раҳбарига саволлар билан мурожаат қилишади, кейин сенаторлар муҳокамаларга киришади ва нутқлар билан чиқишади. Бу жараён 20 соат давом этиши мумкин.

Бу босқичлар якунланганидан кейингина сенаторлар овоз беришни бошлашади, Левандовски бу босқич қачон бошланишига аниқлик киритмаган.

Экспертларнинг қайд этишича, бу 30 ёки 31 август кунлари бўлади.

Руссеффнинг импичменти тарафдорлари уни молиявий қонунбузарликларда айбламоқда. Жумладан, президент иккинчи мандатининг дастлабки ойларида парламент билан маслаҳатлашмай бюджет маблағларини ажратиш борасида бир қанча фармонларни имзолашда ҳамда давлат банкларига ажратиладиган тўловларни ортга суришда айбланмоқда.