Эрон ҳарбий катерлари Ўрмуз бўғозида Американинг Nitze ракета эсминецини қувиб етган, деб хабар қилмоқда АҚШ мудофаа вазирлиги вакилига таянган ҳолда ТАСС агентлиги. 

«Эроннинг тезюрар катерлари, жиддий огоҳлантиришларга қарамай, Nitze эсминецига хавфли масофада яқинлашишга журъат этишган», — деган Пентагон вакили. Унинг айтишича, моторли қайиқлар 300 ярдга (274 метр атрофида) яқинлашишган, шундан сўнг эронлик ҳарбийлар тезликни ошириб, эсминец ёнидан кетишган.

Маълум бўлишича, Nitze ва Американинг яна битта ракета эсминеци Mason Ўрмуз бўғози орқали транзит сузишини амалга ошираётган бўлган. АҚШ Қуролли кучлари Марказий қўмондонлиги (CENTCOM) расмий вакили Кайл Рейнснинг ишонтиришича, улар ҳалқаро сувларда бўлган. 

Таъкидланишича, Nitze 12 марта катерлар билан радиоалоқа ўрнатишга муваффақиятсиз уринган, уч марта ҳалокат сигналини берган. 

Пентагон маъмурияти эронлик ҳарбий денгизчиларнинг ҳатти-ҳаракатларини «хавфли ва малакасиз» деб баҳолаган ҳамда «халқаро ҳуқуқ ва халқаро денгиз қоидаларига мос келмаслиги»ни таъкидлаган.