Forbes журнали Россиянинг 2016-йилдаги энг муваффақиятли тадбиркор сулолалари рўйхатини чоп этди. 

Рўйхатнинг биринчи рақамига БИН гуруҳи эгалари бўлган Гуцериевлар сулоласи лойиқ кўрилган. Уларнинг бойлиги бир йил ичида 2,5 мартага кўпайиб, 9,8 млрд долларга етган. Forbes нашрининг ёзишича, уларга тегишли гуруҳ бир йилда 1,5 млрд долларлик битимларни амалга оширган. 

Иккинчи ўринга Ротенберглар сулоласи жойлаштирилган. Журнал маълумотларига кўра, 2007-йили ака-ука Аркадий ва Борис ташкил қилган "Стройгазмонтаж" компанияси Россия нефтгаз бозорининг йирик пудратчисига айланиб улгурган. Уларнинг компанияси давлат ва давлат компанияларидан 556 млрд рубллик буюртма қабул қилишган. Уларнинг бойлиги 2,8 млрд долларга баҳоланган.

Бадавлат учликни ака-ука Алексей ва Дмитрий Ананьевлар сулоласи якунлаган. Улар - Промсвязьбанк ва "Возрождение" банки эгалари ҳисобланишади. Бундан ташқари, "Техносерв" тизим интегратори, "Группа ПСН" девелопери ҳамда Москвадаги иккита йирик типография ака-укаларга тегишли. Forbes журнали уларнинг ҳам бойлиги 2,8 млрд доллар эканини ёзган.

"Россия" банкининг эгаларидан бири Николай Шамалов оиласи 2,4 млрд долларлик бойлик билан тўртинчи ўринга муносиб кўрилган. Унинг ўғли Кирилл СИБУРнинг 21,3 фоизлик акциясига эгалик қилади. Унинг бойлиги сўнгги ярим йилда 1,1 млрд долларга кўпайган.

Бадавлат сулолалар бешлигини Татаристон собиқ президенти Минтимер Шаймиев ўғиллари якунламоқда. Радик ва Айрат Татаристон нефть кимё соҳасида улушларга эга: уларнинг ҳар бири ТАИФ гуруҳининг ("ТАИФ-НК", "Нижнекамскнефтехим", "Казаньоргсинтез", ТГК-16) 19,5 фоиздан акциялари соҳиби ҳисобланишади. 

Умуман, ўтган йил билан таққослаганда, рўйхатнинг биринчи ўнлигидан жой олган сулолаларнинг бойлиги қарийб 40 фоизга ошиб, 18 млрд доллардан 25 млрд долларга етган.