Рио Олимпиадасидан қайтган Буюк Британия олимпия терма жамоаси аъзолари ижтимоий тармоқларда Ҳитроу аэропортидаги юклар ўтказиш залида пайдо бўлган тартибсизлик ҳақида маълум қилишди. 

Муаммога британиялик спортчиларнинг анжомлари таркибига кирувчи бир хил қизил рангдаги сумкалар сабаб бўлган. Бир-бирига ўхшаш рюкзаклар, чемоданлар ёки сумкалар барча миллий терма жамоа формаларининг ажралмас қисмини ташкил қилади, бироқ айнан Буюк Британия вакиллари бу вазиятга жиддий эътибор қаратишди.

Британиялик гимнастикачи Ребекка Дауни, эшкак эшувчи Алекс Грегори (Риодаги эркаклар тўртлигида олтин медаль олган) ва виндсёрфер Ник Демпси (елканли спорт турида кумуш медаль) каби спортчилар ўз ўқувчиларига юзлаб бир хил сумкалар орасидан кераклисини ахтариб топиш нақадар қийин кечганини айтиб ўтишган.

«Сумкамни топиш пойгада ғолиб чиқишдан кўра қийинроқ», — дея ёзган твиттерига академик эшкак эшиш бўйича Олимпиада чемпиони Мэтт Лэнгридж.

«Менинг сумкам — қизил!», — дея ҳазиллашган 3та медаль билан қайтган виндсёрфингчи Ник Демпси.

Бразилиядаги Олимпиада ўйинларида британиялик спортчилар умумий медаллар ҳисоби бўйича фақат АҚШ вакилларидан ортда қолган ҳолда иккинчи поғонани забт этишга муваффақ бўлишди.