Франция давлат кенгаши 26 августда мамлакат пляжларида мусулмон аёллар чўмилиш кийими – буркини кийишни тақиқлашнинг қонунийлиги бўйича ўз қарорини чиқаради.   

Буркини мусулмон аёлларнинг чўмилиш кийими бўлиб, бутун танани ёпиб туради. Франция жанубидаги 15 та шаҳарда буркинини пляжларда кийиш тақиқланди. Франция бош вазири Мануэль Вальс бу қарорни қўллаб-қувватлади. Унинг фикрича, буркини кийиб юриш Франция қадриятларига зид келади. Бироқ кўпчилик сиёсатчилар бу тақиқловга қарши чиқмоқдалар.

Катта баҳс-мунозараларга сабаб бўлиши айтилаётган бу масала бўйича қарор маҳаллий вақт билан 15.00 да эълон қилиниши кутилмоқда. 

Бу орада Франция президенти Франсуа Олланд бу масала бўйича вазминлик билан муносабат билдирмоқда. 

"Францияда биргаликда мавжуд бўлиш асосий вазифа ҳисобланади. Ҳамма қоида ва меъёрларга амал қилиши ҳамда иғволар ва тамға қўйишлар бўлмаслиги керак", деб айтган Олланд. 

Франция давлат кенгаши олий маъмурий инстанция бўлиб, у қонун ҳужжатлари ҳуқуқий меъёрларга тўғри келмаса, уларни бекор қила олади.