Москвалик ўқувчилар мактабга электрон билакузук билан киришади

Технология 25 Август 2016 4348

Россия пойтахтидаги мактаб ўқувчилари энди электрон билакузуклардан фойдаланишлари мумкин бўлади. Сентябрь ойидан "Ўтиш ва овқат" тизими йўлга қўйилган ҳар бир таълим муассасаси ўқувчиларнинг электрон карталарини "Москвенок" силикон билакузукларига алмаштиришга ҳақли. Пойтахт мэриясининг сайтида хабар қилинишича, болалар улар ёрдамида бино ичига киришади ва ошхонада овқат олишади. 

"Билакузук - мактаб ўқувчисининг электрон картасининг тўлиқ аналоги. Янги гаджет туфайли болалар таълим муассасаси ҳудудида турли хизматлардан фойдалана олишади: мактабга кириш, нақд пул бермасдан овқат олиш", - дейилади хабарда. 

Бугунги кунда "Ўтиш ва овқат" тизими деярли 3 минг таълим муассасаси биносида йўлга қўйилган. Жорий йилнинг баҳорида янги гаджет уч мактабда синовдан ўтказилди. 

Браслет алюмин қисқичли гипоаллерген силикондан ясалган ва 11 хил рангда тақдим этилган. Унда бойўғлининг расми тасвирланган, бу ўқувчининг электрон картаси рамзи. Бундан ташқари ҳар бир ўқув муассасаси ўз логотипи туширилган билакузукни брендлаши мумкин. 

Агар ўқувчи гаджетни йўқотиб қўйса, уни қайта тикласа бўлади. Билакузуклар таълим муассасаси буюртмасига биноан ясалади. Бирор бир мактаб билакузукдан фойдаланишдан бош тортса, унда ўқувчилар бинога кириш учун электрон карта ёки ижтимоий картани қўллашда давом этишади.

Кўпроқ янгиликлар