Россия президенти Владимир Путин Риодаги Олимпиадада иштирок этган спортчилар билан учрашди. Путин учрашув вақтида паралимпиячиларнинг Паралимпия ўйинларига қўйилмагани масаласига алоҳида тўхталиб ўтди ва уларга махсус мусобақалар уюштиришга ваъда берди.  

Халқаро паралимпия қўмитаси Россия паралимпия терма жамоасини 7 сентябрдан Риода бошланадиган ўйинларга қўймасликка қарор қилди.

Путин Риода россиялик спортчилар "жуда оғир синовлардан" ўтишга тўғри келганларини таъкидлаб ўтди.  

"Мусобақалар олдидан терма жамоа учдан бир қисмига қисқартириб ташланди, уни Россия анъанавий тарзда етакчи бўлган спорт турларида ўзини кўрсатиш имкониятидан маҳрум қилишди. Бироқ бизнинг терма жамоа, сиз, азиз дўстлар, барча қийинчиликларни енга олдингиз, ўзингизни ягона терма жамоа қилиб кўрсатдингиз, ғалабалар нафақат сон, балки уқув билан ҳам олинишини исботладингиз. Сиз ҳақиқий жангчилар каби синмадингиз, курашдингиз ва ғалаба қилдингиз", деб айтди Путин спортчиларга юзланиб.

Путин шунингдек мураббийлар, шифокорлар ва бошқа мутахассислар, спорт вазирлиги ва миллий олимпия қўмитаси мансабдор шахсларини ҳам умумий муваффақиятдаги ҳиссаларини таъкидлаб ўтди. 

Путин, шунингдек, россиялик паралимпиячиларнинг ўйинлардан четлатилганларига алоҳида тўхталди.

"Паралимпиячиларнинг четлатилиши ҳам ҳуқуқий, ҳам маънавий томондан нотўғридир. Спорт ҳаётининг мазмунига айланганлардан, ўзининг ўрнаги билан соғлиғи бўйича имконияти чекланган миллионлаб одамларга умид, ўз кучига ишонч берадиганлардан аламни олиш, ғазабни сочиш орсизликдир. Бундай қарорларни қабул қиладиганларга ачинаман, чунки бу улар томондан пасткашлик бўлганини англамайдилар", деб айтди Путин.    

"Биз, албатта, сизни қўллаб-қувватлаймиз ва сиз учун ўзингизнинг маҳоратингизни кўрсатишингиз мумкин бўладиган махсус мусобақалар ташкил этамиз. Ғолиб ва совриндорлар учун мукофотлар Паралимпия ўйинлари учун ваъда қилингандек бўлади", деб қўшимча қилди Путин.