Туркия бош вазири Бинали Йилдирим Туркия ва АҚШнинг Суриядаги ҳарбий операцияси Курдистон ишчи партияси аъзолари ўзларининг аввалги Эвфрот дарёси соҳилларидаги позицияларига қайтмагунларича давом этишини айтди, деб хабар бермоқда Reuters ахборот агентлиги. 

Унинг айтишича, агар Сурия президенти Башар Асад минтақада авж олаётган ихтилофга эътиборсизлик қилмаганда операция амалга оширилмаган бўларди.

Ўз навбатида, Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўған операция ИШИД жангарилари ва Курдистон ишчи партияси аъзоларига қаратилганини айтди.

Аввалроқ Туркия армияси Сурия ҳудудига чегара яқинидаги Жараблус шаҳрини жангарилардан озод қилиш учун бостириб киргани маълум қилинганди.