Европа Чемпионлар Лигаси гуруҳ босқичига қуръа ташлаш вақтида Россия ва Украина клублари бошқа-бошқа гуруҳларга ажратилади. Бу ҳақда УЕФА матбуот хизмати томонидан маълум қилинган.

ЦСКА Россия чемпиони сифатида ЕЧЛ ғолиби — «Реал» (Испания) ҳамда ўз мамлакатида чемпион бўлган «Лестер» (Англия), «Бавария» (Германия), «Ювентус» (Италия), «Бенфика» (Португалия) ва «Пари Сен-Жермен» (Франция) билан 1-саватчадан жой олган.

Плей-офф босқичида икки учрашув натижасига кўра «Аякс» тўсиғидан ўтган, Россияда ўтган мавсумда иккинчи ўринни эгаллаган Қурбон Бердиев бош мураббийлигидаги «Ростов» жамоаси ЕЧЛда Россия шарафини ҳимоя қилувчи иккинчи клуб бўлди ва бу жамоа 4-саватчадан жой олди.

Украинанинг турнирдаги вакили, Киевнинг «Динамо» клуби 3-саватчага жойлашган.

Европа Чемпионлар Лигаси гуруҳ босқичига қуръа ташлаш маросими Монако шаҳрида бугун Тошкент вақти билан соат 21:00да бошланади.

Манба: Tribuna.uz