Ҳужжатдаги хато - у бизни қачонгача таъқиб қилади?

Жамият 25 Август 2016 1752

Газетанинг навбатдаги сони чиққан куни таҳририятга қўнғироқ бўлди. Бир мақола учун интервью берган мутахассис муаллиф билан гаплашмоқчилигини айтди.  Ҳамкасбим гўшакни олди, суҳбатдоши  баланд овозда норозилигини айта бошлаганида бизлар ҳам беихтиёр можародан хабардор бўлдик: “Менинг фамилиям Ибрагимова! Иброҳимова эмас! Фамилиямни ўзгартириб ёзишга нима ҳаққингиз бор?!”...

Ибрагимовами ёки Иброҳимова?
Хўш, бу баҳсда ким ҳақ? Ким хато қилди? Фамилияни имло қоидаларига асосланиб ёзган журналистми ёки ҳужжат билан айнанликни талаб қилаётган қаҳрамонми? 

Газета ҳаёт кўзгуси саналади.  У нафақат ҳаётда содир бўлган воқеа-ҳодисалар ҳақида хабар беради, балки у орқали ўқувчилар онгига таъсир кўрсатади. Шу боис, газета учун нимани ёритиш билан бирга, қандай ёритиш масаласи ҳам жуда муҳим. У кенг омма аудиториясига мўлжалланган экан,  ҳамма тушунадиган  тилда, тўғри ва аниқликка асосланиши керак. Бу фақат газета илмининг талаби эмас, ўқувчининг ҳам талабидир. Айниқса, имло  масаласида газета доим намуна вазифасини ўтаб келган. Бирор сўзнинг имлоси ҳақида баҳс кетганида, “Газетадан текшириб кўриш керак” ёки “Газетада бундай ёзилибди, демак шу тўғри экан” деган қарашнинг мавжудлиги бор гап. Шундай экан, юқоридаги ҳолатда фамилияни ҳужжатдагидай бериш хатони қонунийлаштириш эмасми? Бироқ қаҳрамонимизни ҳам айбдорга чиқариб бўлмайди. Ахир, ҳужжатда унинг фамилияси “Ибрагимова” бўлса нима қилсин? Балки у шу ном билан ҳамкасблари, эл-юрт орасида танилгандир, дабдурустдан газетада “Иброҳимова” бўлиб қолишни истамас...

Афсуски, ҳужжат ва имлонинг мос тушмаслиги ҳамда шу билан боғлиқ муаммоларга нафақат таҳририят ишида, балки кундалик ҳаётда ҳам тез-тез содир бўлади. Бу муаммо жамиятда қачон пайдо бўлди? Таассуфки, кеча эмас. Қарангки, ушбу масаланинг илк марта миллий матбуотимизда ёритилганига 100 йил бўлибди! Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг “Ойна” журнали 1914 йил 18-сонида чоп этилган “Жаҳолат дардларидан”  сарлавҳали мақоласи айнан шу мавзуга бағишланган эди. Муаллиф “Абсамат”, “Обдурахмон”, “Нутфулло” (Лутфулло), “Жодугор” (Ёдгор), “Патхулла”ларнинг исмлари “ҳужжатлар ва ҳукумат маҳкамаларида ҳам шул ғалат ва масҳаралик ҳолатда” ёзилиши ҳақида ачиниш билан ҳикоя қилиб, ўша даврдаёқ бу муаммони ҳал этишга чақирган эди. 

Мақоладан олинган ушбу парча, айниқса эътиборга молик, гўё Беҳбудий ўтган аср эмас, бугун ҳақида ёзгандай: “Ажаб шулки, идорада ғалат ёзилиб келган исмларни тўғри ёзиб юборилса, эгалари рози бўлмайдур”... Бир аср ўтибдию,  хатога “садоқат” ҳисси ўзгармабди. Юқорида гувоҳи бўлганимиздек, одамларимизни  исм-шарифларининг тўғри-нотўғри ёзилгани эмас, ҳужжатдагиси билан айнан берилиши кўпроқ қизиқтирмоқда. Имло қоидаларига амал қилган журналист респондентдан таъна эшитгани каби, бошқа ҳолатларда ҳам хато ёзилган исм ёки фамилия эгасини ҳужжатга “хиёнат” қилишга кўндириш қийин. Шундай экан, хато таъқиб қилмоқдами ёки таъқиб қилинмоқдами?
Ўлмас ул эмасми?

Зикр этилган мақолада Беҳбудий ўртага қўядиган савол бугун учун ҳам долзарб: “Исмимизни билмаймиз! Нега?”. Ўшанда муаллиф шундай жавоб топганди: “Бизга ўргатмабдурлар”. Биз-чи? Шундай дея оламизми? Беҳбудий ҳикоя қилаётган даврда тил қоидалари ҳатто яратилмаган эди. Мана, ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганига 25 йил бўлди. Изоҳли луғатлар, имло қоидалари жилд-жилд китоблар ҳолида босиб чиқарилди. Хўш, “ўргатмабдурлар” дейишга ҳақлимизми? 

Авваллари хатолар давлат маҳкамаларида асосан рус миллатига мансуб кишиларнинг ишлаши билан изоҳланар эди. Бу муаммо маълум маънода бартараф этилди ҳам, бироқ хатолардан ҳануз қутилмадик. Айниқса, “ҳ” ва “х” харфлари қатнашган исм-фамилияларнинг тўғри ёзилганидан нотўғриси кўп. Қолаверса, шундай исмлар ҳам борки, уларнинг асл имлоси аллақачон унутилиб кетгандай: “Бобир”, “Машкура”, “Бегзод”, “Тимур”, “Немат”...   

Исм нотўғри ёзилдими, демак қачондир ундан ҳосил бўладиган фамилия ҳам хато билан ёзилади. “Раджабов”, “Сапаров”, “Касимов”, “Йулдашев”, “Алимов”, “Садиков” каби фамилияларнинг келиб чиқиш тарихи хам шу билан боғлиқ. Афсус, улар авлоддан авлодга ўтиб келмоқда ва уларнинг янги эгалари ҳам бу фамилияларни хатоси билан бирга қабул қилишмоқда. Ҳеч ким бу хатоларга қарши бош кўтаришга журъат қилолмаётгандай! Мана, масалан, кўп учрайдиган фамилиялардан бири – “Артиков”. Наҳот ҳеч кимда савол туғилмаса: “Артик деган исм борми?”.  Ёки кўп тарқалган фамилиялардан яна бири: “Бабаджанов”. Наҳот фамилия эгалари бир сўздаги нақ тўртта хатога кўз юмса! 
Хатолар шунчаки имло билан боғлиқ бўлса майли, бироқ баъзида улар луғавий маънога ҳам таъсир қилиши мумкин. Мавзуни ўрганиш мобайнида бу каби ҳолатларга дуч келдик. Чирчиқлик шифокор Ўлмас Сафаровнинг айтишича, паспортида исми “Улмас” деб ёзилган. “Ул” эса тилимизда йигит, эркак киши деган маъноларни билдиради... Қибрайлик Дилобар Тўхтаохунованинг исми эса ҳужжатга кўра – “Дилбара”. Бундай исм эса умуман мавжуд ҳам эмас. Пойтахтлик Боймуродовлар оиласи аъзолари мисолида ҳам қизиқ ҳолатни кузатиш мумкин. Ота – Баймуратов, фарзанд – Боймуратов, набира – Боймуротов... Ачинарлиси, уч вариантнинг ҳеч бири тўғри ёзилган эмас. Ҳа, қаҳрамонларимизнинг кўпи шахсини тасдиқловчи ҳужжатни собиқ шўролар даврида олган. Бироқ бу давр интиҳосини топганига 24 йил тўлди-ку! Қачонгача хатони тамғадай кўтариб юриш мумкин? 

– Паспортимда исмим ҳам, фамилиям ҳам хато  ёзилган, – дейди пойтахтлик тадбиркор Фарруҳ Нажмиддинов (1976 йил туғилган). –    Бир эмас, бир нечта хато билан “Фарух Натжмитдинов” дейилган. Расмий ҳужжатларни тўлдиргандан паспортдаги ёзувни айнан келтиришга тўғри келади,  шунда ўз исм-шарифимни хато билан ёзишга уяламан. Аслида  уни тўғирлаб такроран паспорт олиш ҳақида ҳам ўйлаганман. Бироқ бу кейинчалик расмий ҳужжатлар билан ишлаётганда қийинчилик туғдиради, деган хаёлда бу қарордан воз кечганман.
Бу каби фикрларни яна кўпчиликдан эшитдик. Айниқса, бирор кўчмас мулкка эгалик қилганлар ёки тадбиркорлик билан шуғулланадиганлар исм-фамилиядаги биттагина ҳарфни ҳам ўзгартиришга чўчишаркан. Айтишларича, бир ҳужжатда исмни тўғирлаш бошқа ҳужжатларга ҳам ўзгартириш киритишни тақазо қилади.   

–  Исм-шарифдаги имловий хатони тўғирлаш қийинчилик туғдирмайди, – дейди Чилонзор тумани 1-нотариал идора ходими Васила Каримова. – Туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома ва паспортнинг такроран берилишини сўраб тегишли идораларга ариза ёзилади. Исм-фамилия ўзгартирилгандан кейинги юритиладиган ҳужжатларга эса шахсни тасдиқловчи ҳужжатнинг дастлабкиси ва ўзгартирилгани, шунингдек, ўзгартириш сабаби қайд этилган маълумотнома илова қилинади.

“Сўзда айтиш осон-да”, – дерсиз ҳойнаҳой. Ахир расмий ҳужжатлар ҳақида гап кетганида одамларимиз кўз ўнгига идорама-идора юриш, сарсонгарчилик, эшиклар олдида соатлаб навбат пойлаш кабилар келади.  Қолаверса, бу ерда гап ҳужжат олиш эмас, борини тўғирлаш ҳақида кетганидан кейин, “шуниси ҳам бўлаверади” дейдиганлар топилади... 
Хато ҳам меросдир...

Исм-шарифларнинг авваллари хато ёзилгани-ку майли, бугун бу муаммонинг мавжудлигини қандай изоҳлаш мумкин? Ҳазрат Навоий тимсолида бутун Шарқ оламини тилга эътиборли бўлишга ундаган миллатнинг вакили исм-шарифини хато ёзса, буни қандай оқлаб бўлади? Нима учун бу ҳанузгача муаммолигича қолмоқда?

Ушбу масалага аниқлик киритиш мақсадида, туғилганлик гувоҳномаларини ёзиш тартиби билан қизиқдик.  Хусусан, Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур тумани ФҲДЁ бўлими фаолияти билан яқиндан танишдик. 

–  Туғилганлик ҳақидаги гувоҳномани олиш учун келган ота ёки бошқа васий шахс чақалоққа қўйиладиган исмни аризада ёзма равишда тақдим қилади, – дейди Шайхонтоҳур тумани ФҲДЁ бўлими 1-тоифали инспектори Камола Содиқова. – Биз уни имло луғатларидан текширамиз. Агар хатолик бўлса, тўғри вариантни кўрсатиб, тушунтириш ишларини олиб борамиз. Ишимизда доим луғатга таянамиз.
Чиндан, иш столи устида имло луғати ва Эрнст Бегматов таҳрири остида чоп этилган исмлар китобини кўрдик. Хўш, луғатлардан фойдаланишса, хатолар нима учун камаймаяпти? Бу масалага буткул аниқлик киритиш мақсадида ФҲДЁ архивини ўрганганда, қизиқ фактларга дуч келдик. Бўлим ходимларининг берган маълумотларига қараганда, туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномага боланинг фамилияси ота-онасининг паспортидан (агар бошқа фамилия берилмаса) кўчирилади. Мустабид тизими даврида ёзилган ҳужжатлардаги хатоликлар ҳақида юқорида гапирдик. Бугунда ФҲДЁ бўлимларида ота фамилиясидаги хато фарзандининг ҳужжатига  тўғирлаб ёзилиши тартиби йўлга қўйилган. Бироқ қонунчиликка асосан, фақат ота-она розилиги билангина бундай ўзгартириш киритилиши мумкин. Ачинарлиси, олган маълумотларимизга қараганда, кўпчилик фамилиядаги хатонинг тузатилишини истамайди. “Хато бўлса ҳам, фамилиямиз бир хил бўла қолсин!” дейишганда, ФҲДЁ ходимининг фамилияни хато билан ёзишдан бошқа иложи қолмайди. Майли, бир хил бўлсин, лекин хато отадан болага “мерос” бўлиши тўғрими? 

Архивни ўрганиш жараёнида яна бир қизиқ жиҳатга дуч келдик. Маълумки, қонунчиликка асосан, болага исм қўйиш ота-онанинг ҳуқуқидир. Туғилганлик ҳақидаги гувоҳномага ҳам исм ота-она қандай хоҳласа, шундай ёзилади. Айтайлик, исмнинг хато билан ёзилишини талаб қилиш ҳам ота-онанинг ҳуқуқидир. ФҲДЁ архивидаги ҳужжатларни ўрганиш жараёнида бунинг кўплаб мисолларига дуч келдик. Хусусан, Собиров Ҳусниддин қизи Хадичанинг исмини, ФҲДЁ ходимлари берган тушунтиришларга қарамасдан,  “Ҳ” ҳарфи билан ёзилишини талаб қилган. Хусусан, аризада шундай дейилган:  “Имлоси билан танишдим. Хато бўлишига қарамасдан, “Хадича” деб ёзилишини истайман”.  Буни қандай изоҳлаш мумкин? Бу онгли равишда саводсизликка интилиш эмасми? Афсуски, бу каби мисолларга кўплаб дуч келдик, “Бобир”, “Рано”, “Тимур”, “Камила”, “Джасмина”ларнинг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаси ота-оналарининг ўз хоҳишига кўра ана шундай хато ёзилганини билиб яна саволлар домида қолдик. Суғдиёнани “Сагдиана” ё  Иброҳимни “Ибрагим” дейиш Ғарбга кўр-кўрона тақлид қилишдай гап. Самир, Румейса, Симран, Зиннура, Ҳюрам, Индира... Бу каби янгича исмларни қўйиш урфга кирди. Яқин йилларда эса спорт ишқибозлари ўзининг севимли юлдузларининг исмларини фарзандига қўядиган бўлишди: ўзбек боласига Зинедин, Рональдо, Месси исмлари билан чақириладиган бўлди. Булар бошқа-бошқа мавзулардир балки, лекин уларни туташтирадиган савол бир: исм қўйиш масъулиятини қачон ҳис қиламиз?             

Қай бирига таяниш керак: ҳужжатми ёки луғат?  

Хатони ҳужжат билан боғладик, ҳатто кўпчиликнинг ориқча қоғозбозликни хушламагани учун уни тузатмаслигини билдик. Ҳужжатлардан ташқарида ўз исмимизни тўғри ёзамизми? “Facebook” ижтимоий тармоғида ўзбекистонлик фойдаланувчилар сони 100 мингга яқиндир. Эътиборга молик жиҳати, уларнинг аксарияти исм-шарифини профилига хато(лар) билан ёзган. Ҳатто катта ёшли, айрим ҳолларда олий маълумотли кишилар ҳам исмларини хато билан ёзишганини кўриш мумкин. Демак, чиндан, Беҳбудий ёзганидек, “Исмимизни билмаймиз”... 
 Мақоланинг муқаддимасидаги мавзуга қайтмай илож йўқ. Зеро, газеталаримизда ҳам исм-шарифларнинг хатолар билан ёзилишига тез-тез кўзимиз тушади. Таҳририятлар буни ҳужжат билан айнанликни таъминлашга интилгани билан изоҳлашади. Айниқса, чет муаллифлар ёки интервью берган респондентлар исм-фамилиялари ўзгартириб ёзилганда, норозилик билдириш мумкин. Хўш, аслида бу каби ҳолатларда таҳририят қандай йўл тутиши керак? Хатони тузатиш керакми ёки газета орқали қонунийлаштиришми?...

...Куни кеча устоз-журналистларимиз даврасида гап ватанпарварлик ҳақида кетди. Таниқли ижодкор Маҳмуд Саъдий шундай деди: “Ватанпарварлик баландпарвоз гаплар, ғурур ёки ютуқларни олқишлаш эмас!”. Устознинг сўзларидан таъсирланиб кетдим. Ватанпарварлик асли нима? У нимадан бошланади? Ўйланиб қолдим: миллат равнақи йўлида кичик бир хатони тузатиш ҳам ватанпарварлик эмасми? Қолаверса, ватанпарварлик ўзликни англашдан бошланади. Ўзлигинг эса авваламбор, ота-онанг берган номинг, исмингдир...          

Моҳларойим ҚАЮМОВА

Кун янгиликлари
Фарғона вилояти ҳокими Сўх тумани, уй-жой муаммоси, табиий газ ва аҳолининг бошқа муаммолари ҳақида (видео)
20:30 / 21.08.2017 29723 Жамият
Artel Technical School «Келажак мактаби» ўқув нархларини пасайтирмоқда!
20:02 / 21.08.2017 16096 Жамият
Халқ таълими вазири билан очиқ суҳбат: янги вазирлик, 10-синф, пахта терими, коррупция ва йиғди-йиғдилар
23:29 / 20.08.2017 64098 Жамият
Ногиронлик ва мазлумлик исканжасида: бир аёл яхшилар саховатидан умидвор 
15:55 / 18.08.2017 56988 Жамият
Ғазабланган россиялик 46 минг рубллик қарзини копейкаларда тўлади
09:20 467 Жамият
Ҳиндистонда йўловчи поезди вагонлари рельслардан чиқиб кетди, жабрланувчилар кўп 
09:19 157 Жаҳон
Демократлар Трампнинг эҳтимолий рақобатчилари ҳақида маълум йиғмоқда
09:11 155 Жаҳон
Аргентина олий суди собиқ президентга қарши давлатга хиёнат бўйича терговни қўллаб-қувватлади
09:09 416 Жаҳон
Мексика жанубида тутқунликдаги 37 нафар гватемалик муҳожир озод қилинди
09:04 162 Жаҳон
McDonalds Ҳиндистондаги 170 га яқин ресторанини ёпади
08:57 1296 Жаҳон
Кўпроқ янгиликлар