Туркия армиясининг Сурияда ҳарбий амалиёт ўтказиши, мамлакат президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғаннинг ташқи сиёсатида жиддий ўзгаришлар юз берганини англатади, деб ёзмоқда The Wall Street Journal.

Нашрга кўра, Эрдўған шу билан иқтисодиёт ва хавфсизликка путур етказаётган ва узоқ вақтдан бери давом этиб келаётган “халқаро қамал”дан чиқишга ҳамда АҚШ каби ҳамкорлари билан яқинлашишга уринмоқда. 

«Биз дуч келаётган воқеалар Суриядаги вазият ва Сурияга нисбатан сиёсатимиз оқибатидир», — деган Туркия бош вазири ўринбосари Нўмон Куртулмуш.

Юқори лавозимли мулозимнинг сўзларига кўра, ташқи сиёсатни қайта кўриб чиқиш, дипломатияга бирмунча прагматик ёндашувни англатади. Уларнинг айтишича, Сурияда зўравонликларга барҳам беришга уриниш Россия билан ярашишга ёрдам берган. Эндиликда, АҚШ билан муносабатларни илиқлаштириш бош вазифадир. Нашр манбасининг маълум қилишича, Туркия расмий Вашингтон ва Теҳрон ўртасидаги ўзига хос дипломатик воситачи бўлишни истамоқда. 

WSJ нашри Туркиянинг Сурияга нисбатан ташқи сиёсатида юз берган ўзгаришлар қаторига, Анқаранинг президент Башар Асадга нисбатан тутиб келган кескин позицияси юмшаганини киритиш мумкин. Бундан аввал, у фақат Асад қандай бўлмасин ағдарилиши керак, деган фикрни ҳимоя қилиб келаётган эди. 

Эндиликда, Туркиянинг ҳарбий жанговар амалиётлари, унинг Сурия ҳудудий яхлитлиги борасида АҚШ, Россия ва Эрон билан мақсади умумийлигини билдиради. Нашрнинг таъкидлашича, расмий Вашингтон ва Анқара, суриялик курдлар ўз мажбуриятларига риоя қилмаяпти, деб ҳисобламоқда.  Расмий шахслар, агар иттифоқчилар уларни курд йўналишида қўллаб-қувватлашса, кўплаб дипломатик муаммоларга кўз юмишга тайёр эканликларини айтишмоқда. 

«Барчасини унутинг. Агар улар биз билан шу масалада якдил бўлишса, биз улар билан мулоқотни давом эттирамиз», — деган юқори лавозимли турк мулозими.