Инсон баъзан бирор бир мазали маҳсулотни қадоғи билан қўшиб еб юборгиси келади - кўриниши шу қадар иштаҳа очадики, кўзингизни узолмай қоласиз. Бироқ бундай қилолмайсиз, чунки қадоқни еб бўлмайди, 

Америкалик тадқиқотчилар бу муаммони ҳал қилиш йўлини топишди - улар маҳсулотнинг беш юз карра узоқ вақт сақланишига имкон берувчи янги қадоқни ишлаб чиқишди! Шуниси қизиқки, қадоқнинг ўзини ҳам ейиш мумкин. 

Қадоқни тайёрлаш усули оддий  - бунинг учун сут ва сувдан ҳосил бўладиган казеин аралаштирилади. Аралашмани текис жойга қўйиб, қуритилади. Ҳосил бўлган тасмага истаган нарсангизни солиб, сақлашингиз мумкин бўлади. Тадқиқотлар натижасида маълум бўлдики, аралашмага глицерин қўшиш  тасмани янада юмшоқ ва эластик чиқишига ёрдам берар экан. 

Мазали ва фойдали қадоқ яратувчиларининг таъкидлашича, сутли тасма билан сули ёрмасини ҳам қадоқлаш мумкин, агар унга шакар қўшилса, сули ёрмасидан тайёрланган егуликлар янада мазали чиқади. Пиццанинг қоғоз қутисини ҳам казеинли қадоққа алмаштирса бўлади. Хуллас, бундай мазали қадоқда истаган егулигингизни сақлашингиз мумкин. 

Янги қадоқ яратувчилари уни ишлаб чиқаришни кенг йўлга қўйишга ҳали вақт бор, деб ҳисоблашмоқда, зеро ихтирони синовдан ўтказиш ишлари ҳануз давом этмоқда. Масалан, тадқиқотчилар қадоқларни истеъмолдан олдин ювиш кераклиги ҳақида ўйланишмоқда. Ана шу каби муаммолар ҳал қилинса, дўкон расталарида мазали қадоқланган маҳсулотларни кўриб қолсак ажаб эмас.