Футбол бўйича Германия чемпионати бугун Тошкент вақти билан соат 23:30да "Бавария" ҳамда "Вердер" жамоалари ўртасидаги учрашув орқали старт олади. "Бавария" ҳар галгидек мавсум арафасида ғолиблик учун асосий даъвогар, бу жамоага ёзги трансферлар вақтида 100 млн евродан ортиқ маблағ сарфлаган ва ўнга яқин футболчи сотиб олган "Боруссия" асосий рақобатчи бўлиши кутилмоқда.

"Бавария" ўтган мавсумда қаторасига тўртинчи марта бундеслига чемпиони бўлди (умумий ҳисобда 26-марта). Мюнхенликлар иккинчи ўриндаги "Боруссия"ни 10 очкога ортда қолдирди, лекин ЕЧЛда муваффақиятсизликка учради. Хосеп Гвардиола жамоага айнан ЕЧЛда ғолиб бўлиш учун таклиф этилганди, лекин мураббий бунинг уддасидан чиқа олмади, мавсум ярмида у "Манчестер Сити"га йўл олиши маълум бўлди. Унинг ўрнига италиялик тажрибали мутахассис Карло Анчелотти таклиф этилди. Энди унга ҳам жамоани Европа миқёсида совриндош этиш вазифаси қўйилади.

Жамоа ёзги трансферлар вақтида асосий рақобатчи "Боруссия" сардори, ҳимоячи Матс Ҳуммельс 35 млн евро сарфлаб сотиб олинди. Яна шунча маблағ "Бенфика"дан 19 ёшли португалиялик Ренато Санчешни сотиб олиш учун сарфланди.

"Боруссия" эса Ҳуммельсдан ташқари Генрих Мхитарян ва Илкай Гундоган билан хайрлашди ва бу трансферлар орқали 110 млн евро ишлаб олди. Лекин трансферлардан олинган маблағнинг деярли барчаси янги футболчилар учун сарфланди, жами 8 нафар футболчи сотиб олинди. Хусусан, "Бавария"дан Марио Гётце ҳамда Себастьян Роде, "Вольфсбург"дан Андре Шюррле жалб этилди.

Бундеслига юлдузлари Англияга йўл олди
Германия чемпионати Европанинг кучли чемпионатларидан бири сифатидаги мақомини сақлаб қолаётган бўлсада, бу чемпионат вакиллари Англия ва Испанияга йўл олишдан тўхтаётгани йўқ. Ёзда бундеслигадаги 3та асосий трансфер Германия-Англия йўналишида бўлди: аввалига "Боруссия" М ярим ҳимоячиси Гранит Чака "Арсенал"га ўтди, кейинроқ "Боруссия" Д жамоасининг арманистонлик футболчиси "МЮ" аъзосига айланди, Лерой Сане эса "Шальке"ни "Манчестер Сити"га алмаштирди.

Чемпионлик пойгасида Мюнхен ва Дортмунд жамоаларига "Байер" ва Менхенгладбахнинг "Боруссия" жамоалари ҳам рақобат қилиши кутилмоқда. "Байер" мавсум арафасида "Динамо" Киевдан австриялик ҳимоячи Александр Драговични сотиб олди.

Германия чемпионатининг бу мавсумида ҳам 18та жамоа иштирок этади. Булар: "Бавария" (Мюнхен), "Боруссия" (Дортмунд), "Байер" (Леверкузен), "Боруссия" (Менхенгладбах), "Шальке" (Гельзенкирхен), "Майнц", "Герта" (Берлин), "Вольфсбург", "Кельн", "Ҳамбург", "Ингольштадт", "Аугсбург", "Вердер" (Бремен), "Дармштадт", "Ҳоффенхайм", "Айнтрахт" (Франкфурт-Майн), "Фрайбург" ва "Лейпциг".

Мавсум илк марта "Штутгарт" жамоасиз ўтади. 1992 ва 2007 йилларда мамлакат чемпиони бўлган бу жамоа ўтган мавсум якунида кейинги 40 йил ичида илк марта юқори дивизионни тарк этганди.

Германияда илк чемпион, 1903 йилда аниқланган, ўшанда янги мавсум дебютанти "Лейпциг" чемпион бўлганди. 1963 йилда эса ГФРда бундеслига ташкил қилинди. Шу вақтгача "Бавария" 26 марта, "Нюрнберг" 9 марта (охирги сафар 1969 йилда), "Боруссия" Д 8 марта "Шальке" 7 марта чемпион бўлди.

Манба: Tribuna.uz