Чемпион-2016. Бекобод шамоли Бразилияда эсди

Жамият 26 Август 2016 22021

Блогер Беҳзод Қобулов ўз блогида Рио-2016 қаҳрамонларидан бири, бекободлик боксчи Фазлиддин Ғоибназаровнинг хонадонидан уюштирилган репортажни тақдим этди.

Қуйида пост муаллиф розилиги билан қайта нашр этилган.

Бекобод шамоли Бразилияда эсди

Фазлиддин Ғойибназаровнинг олтин медаль олгани ҳақидаги хушхабар бир зумда юртимиз бўйлаб ёйилди. Бозор-у гузарларда ўзгача сурур, иштиёқ, кўтаринки руҳ пайдо бўлди. "Кўрдингми, мана бундоқ қилиб туширди!" дейди завққа тўлган боболар бир-бирига.

Йўлдаги ўйлар

Бекобод фарзанди Фазлиддин Ғойибназаров Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида бўлиб ўтган XXXI ёзги Олимпия ўйинларининг бокс бўйича вазни 64 килограммгача бўлган спортчилар ўртасидаги ҳал қилувчи баҳсда озарбайжонлик Лорензо Коллазо Сотамайорни мағлубиятга учратиб, шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилди ва чемпионатнинг олтин медали билан тақдирланди.

Ғолиб спортчи шарафига ватан байроғи кўтарилиб, мадҳия янграганда, унинг кўзларидан оққан қувонч ёшлари нафақат бекободликларни, балки бутун ўзбек халқини ҳаяжонга солди. Зеро, Олим­пиада ўйинларидек нуфузли мусобақада беш жанг ўтказиб, уларнинг барчасида ғалаба қозонишнинг ўзи бўлмайди. Буни спорт билан шуғулланганлар яхши билади.

2015 йилнинг 6-15 октябрь кунлари Қатарнинг Доҳа шаҳрида бокс бўйича ўтказилган XVIII Жаҳон чемпионатида кумуш медаль билан тақдирланиб, ёзги Олимпиада ўйинларида иштирок этиш учун йўлланмани қўлга киритган вилоятимиз вакили Фазлиддин Ғойибназаров мухбиримизга берган интервьюсида Рио Олимпиадасидан албатта медаль билан қайтишини айтган эди. Мард ва жасоратли ўғлон ўз сўзининг устидан чиқди. У нафақат медаль билан, балки бокс тарихига ўзининг, Ватанимизнинг номини зарҳал ҳарфлар билан ёзиб қайтди.

Шундай ўйлар оғушида, обод манзиллар, сўлим боғ-роғлар оралаб Бекобод шаҳрига етиб келдик. Йўлда учраган дастлабки кишидан сўраймиз: "Чемпионни уйи қайси томонда?". "Бораверинг, тўғри кетаяпсизлар, ўша томонда" дейди йўловчи мамнун кулимсираб. Воқеан, унинг шу бир оғиз сўзи дилга яна ажиб бир чўғ ташлади. "Ҳа, энг тўғри йўл – Ватанга шараф келтирадиган йўл", деб ўйладик.

Уйда янги меҳмон, 
Риода олтин медаль...

"Металлург" маҳалласи гавжум. Кўчада карнай-сурнай садолари янгр­аб турибди. Эл ўз ўғлининг улуғ ғалабасидан сармаст, ҳамма бир-бирини табриклайди. Шу тобда етти-саккиз ёшлардаги болакай бошқаларга гурунг бериб турганига кўзимиз тушди. "Фазлиддин акам, Сўтамайорни шуннай бир урди, оғонаб кетай деди", дея завқ билан гап бериб турган йигитча Фазлиддиннинг кенжа укаси Зайнобиддин экан. Хонадон аҳллари билан кўришдик.

– Фарзандим мустақиллик тенгдоши, – дейди чемпионнинг отаси Ҳасанбой Ғойибназаров. – У мамлакатимиз истиқлолининг 25 йиллиги арафасида ўзининг 25 ёшини қарши олди ва юксак натижасини энг улуғ ва энг азиз байрамимизга муносиб совға бўл­ганлигини айтди. Мен бундан ғоятда фахрландим. Зеро, фарзандларимиз спорт ва бошқа соҳаларда мустақиллигимиз шарофати, Президентимиз томонидан яратиб берилаётган юксак эътибор ва шароитлар туфайли мана шундай юқори чўққиларни забт этиб келмоқдалар. Фазлиддиннинг бу ютуғи бутун ўзбек ўғлонларининг ғалабасидир.

Чемпионимиз ҳали Бразилияда эканида фарзандли бўлибди. Шундай қилиб, Олим­пиада чемпиони Фазлиддин Ғойибназаровни уйида эндигина дунё­га назар ташлаётган қизалоқ – Ҳадичабону ҳам кутиб турибди. Ҳа, омад ҳам, бахт ҳам қўшалоқ келади, деб шуни айтадилар.

Вақт чошгоҳдан ўтган маҳали яна одамлар жонланди, карнай-сурнай садолари остида ўйин-кулги авж пардаларга кўтарила бошлади.
Чемпион хонадонига бир гуруҳ фаоллар ҳамроҳлигида вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи И. Эргашходжаев келиб, оилани, маҳалла аҳлини ушбу улкан ғалаба билан самимий қутлади.

«... устозингдан айрилма»
Бокс бўйича илк сабоқларни "Ўзбекистон металлургия комбинати" акциядорлик жамия­ти қошидаги спорт мактабида тажрибали мураббий Аброр Турсунпўлатовдан олган Фазлиддин 10 ёшидан бошлаб спортнинг шу тури билан мунтазам шуғулланиб келади. Истеъдодли спортчининг эришган муваффақиятлари ҳам салмоқли. Ўз вазн тоифасида тўрт карра Ўзбекистон чемпиони, Осиё чемпионати ва Жаҳон ёшлар универсиада ўйинлари кумуш медали совриндори. Бундан тўрт йил олдин Озарбайжоннинг Баку шаҳрида бўлиб ўтган Жаҳон чемпионатининг кумуш медали соҳиби, яна қатор нуфузли хал­қаро мусобақалар ғолиби. Ана энди ушбу рўйхатга Олим­пиада ўйинлари ғолиби, деган шарафли сатрлар ҳам қўшилди.

– Мен Фазлиддинни жуда яхши биламан, – дейди "Ўзметкомбинат" акциядорлик жамиятига қарашли спорт мактаби мураббийси, чемпионнинг илк устози Аброр Турсунпўлатов. – Қў­лимга келган дастлабки кунданоқ унинг тириш­қоқлигини, ўзига хос истеъдодга эгалигини ҳис этганман. Шу кундан бошлаб унга сен келажакда чемпион бўласан, деб уқтириб келдим. Ҳаётда камсуқум, камтарин бўлган Фазлиддин рингда ҳар қандай рақибига муносиб жавоб бера олади. Мактабимиз ўқувчисининг чемпион бўлганидан беҳад мамнунмиз.

Фазлиддин таълим олган мактабдамиз. Шаҳар марказида жойлашган мазкур 16-умумтаълим мактаби нафақат вилоятимиз, республикамизда ҳам ўз ўрнига, нуфузига эга таълим масканларидан биридир. Шинам, ораста, янги ўқув йилига шай масканга кирарканмиз, яна бир ажойиб гурунгнинг устидан чиқдик. Маълум бўлишича, узоқ-яқиндан келганлар чемпионнинг илк устозини ўртага олиб, саволларга кўмиб ташла±тган эканлар. Савол бергувчиларга назокат ва камтаринлик билан жавоб йўллаётган муаллима – Фазлиддиннинг илк устози Мунаввар Турсунова бўлади. Биз ҳам устознинг сўзларига қулоқ тутамиз.

– Фазлиддиним олтин медаль олган кечада ухлаёлмадим. Тонгга қадар унинг болалик йиллари, шўх-шодон дамларини эслаб ўтирдим. Эл-юрт ҳурматига сазовор бўлиб турган бундай паҳлавонни тарбиялашга камтарона хизматларим сингган экан, бундан бошим кўкка етди. У ёшлигиданоқ бир сўзли, мард ва орият­ли бола эди.
Муаллима сўзлар, шу аснода кўзларидан севинч ёшлари қуйилар, юзларида ажиб бир меҳр, самимият акс этиб турарди. Бундай ҳаяжонли дамларни фақат кўриш, ҳайрат ва ҳавас билан томоша қилиш мумкин. Уни қоғозга тушириб бўл­майди...

Финал...
Дарвоқе, финал кечаси Ғойибназаровлар хонадони яқинлари, маҳалладошлар билан лиқ тўлди. Йиғилганларнинг барчаси телевизор ор­қали боксчимизнинг финал учрашувини томоша қилиб, унга муваффақият тилаб ўтиришди. Спортчининг нуфузли мусобақада эришган улкан муваффақияти муносабати билан ташкил этилган учрашув ҳам шаҳар жамоатчилигининг катта тантанасига айланиб кетди. Шаҳар ва вилоят ҳокимлари, "Ўзмет­комбинат" акция­дорлик жамияти раҳбарияти, жамоат ташкилотларининг раҳбарлари чемпионнинг ота-онасини юксак ғалаба билан қутлашди.

Мамлакатимизда Президентимиз раҳнамолигида ёш авлодни баркамол қилиб тар­бия­лашга қаратилаётган эътибор Фазлиддин сингари истеъдодлар тимсолида яққол намоён бўлаётгани таъкидланди. Вилоятимизнинг яна бир полвон йигити – юнон-рум кураши бўйича халқаро тоифадаги спорт устаси, Рио-2016 Олимпиада ўйинларида 59 килограммгача вазн тоифасида иштирок этган Элмурод Тасмуродов 15 августга ўтар кечаси Ўзбекистон Олимпия терма жамоасига тўр­тинчи бронза медалини тақдим қилган эди. Ўшанда бу натижанинг қадр-қимматини билган, юракдан ўтказиб турган полвон оталаримиз, ори баланд­ ҳам­юртларимиз қувончдан силкиниб-силкиниб йиғладилар. "Раҳмат, сенга полвон укам, юрт орини полвонлар кўтаради, оримизни кўтардинг, азамат", дея фахр-ифтихорга чўмдилар.

Ўзбекистон Республикасининг давлат мадҳияси янграмоқда. Бутун арена ўриндиқларини эгаллаб турган дунё мамлакатлари вакиллари ўрнидан туриб баландга кўтарилиб бораётган байроғимизга ҳавас билан боқмоқда. Шоҳсупанинг энг юқо­рисида турган ўзбек ўғлони қувонч ёшлари билан унга жўр бўлмоқда. Бу катта шараф, катта бахт ва фахр. Ниятимиз бундан буён ҳам мадҳиямиз дунё бўйлаб баралла таралаверсин, байроғимиз бунданда баланд кўтарилаверсин. Фазлиддин сингари ўзбек ўғлонлари юртимиз довруғини оламга таратаверсин.

Беҳзод Қобулов,
Юлдузхон Муҳиддинова,
Мансур Нахалов (суратлар).
"Тошкент ҳақиқати" газетаси,
2016 йил, 24 август.

Фазлиддиннинг опаси ва укалари 

Бекобод. 22 август.  Ф.Ғойибназаров улғайган хонадон. Оила аъзолари беқиёс ғалабадан сармаст, музаффар ўғлонни кутишмоқда

Кун янгиликлари
Рамазон ойида тўғри таомланиш учун фойдали маслаҳатлар
14:44 / 26.05.2017 66579 Жамият
Бемор қизчага ёрдам керак. Ҳар эшикдан қайтарилган оила учун хайрия акцияси
19:25 / 16.05.2017 138685 Жамият
2018 йилги G7 саммитини Канада қабул қилади
00:07 70 Жаҳон
«Қадимий Бухоро» сайёҳлик ҳудуди барпо этишда Алишер Усмонов ҳам иштирок этади
Wenger in. «Арсенал» йил ўйинида кубокка эга бўлди
00:03 269 Спорт
Ўзбекистонда GTA, Mortal kombat каби зўравонликни тарғиб қилувчи 34 та ўйин тақиқланди
23:39 / 27.05.2017 2254 Ўзбекистон
Туркияда 5 баллдан зиёд магнитудали зилзила бўлди
23:09 / 27.05.2017 1325 Жамият
Руҳоний АҚШ ва Саудия Арабистонининг Яқин Шарқдаги ҳаракатларини танқид қилди
22:49 / 27.05.2017 1627 Жаҳон
Telegram асосчиси почтаси бузилиши мумкинлигидан огоҳлантирилди
22:13 / 27.05.2017 2265 Технология
Бухоро шаҳри ва Бухоро вилояти сайёҳлик салоҳияти ривожлантирилади
22:07 / 27.05.2017 1147 Ўзбекистон
Кўпроқ янгиликлар