Канада полициясида хизмат қилаётган мусулмон-аёлларга хизмат вазифасини ўтаётган вақтда рўмол ўрашларига рухсат берилди, деб ёзмоқда The Globe and Mail.

Қайд этилишича, бундан мақсад, мамлакат полицияси сафига кўпроқ мусулмон аёлларни жалб этишдир. Шу муносабат билан, барча хавфсизлик меъёрларига жавоб берадиган ҳижоб дизайни ишлаб чиқилган. 

«Буларнинг бари Канада полициясида ишлашни хоҳлаган мусулмон аёлларни қўллаб-қувватлаш мақсадида амалга оширилмоқда», — деган Канада жамоат хавфсизлиги вазири Ральф Гудейл.

Унинг фикрича, янгилик Канада полициясининг замонавий ҳамда «барча ирқий ва диний қарашли инсонларни қадрлаб, ҳурмат қилувчи» ташкилот эканини намойиш этади. 

Ҳужжатда, 1990-йилдан бери мамлакат полициясида хизмат қилувчи сикх эркаклар анъанавий бош кийимлари - чалмани ўраб юришлари мумкинлиги таъкидланган. 

Шу пайтга қадар, Канаданинг Торонто ва Эдмонтон шаҳар полициясидаги мусулмон аёллар ўз диний либосларида хизмат қилишларига рухсат берилган эди. Бундан ташқари, Буюк Британия, Швеция ҳамда АҚШнинг айрим штатлари ҳам изн берган.