Ўз-ўзини йиғадиган телефон яратилди

Технология 26 Август 2016 7009

Массачусетс технология институтида анчадан бери ўз-ўзини йиғувчи лабаратория (Self-Assembly Lab) ишламоқда, бу ердаги ходимлар 2011 йилдан бери тўрт ўлчамли босма соҳасидаги тадқиқотлар билан шуғулланишади. Шунингдек яқин вақтдан бошлаб, улар мустақил равишда йиғилишга ёки муайян бир шаклга киришга дастурланган маҳсулотлар ва компонентларни ишлаб чиқариш устида бош қотиришмоқда. 

Лабаратория ходими Скайлар Тиббитснинг сўзларига кўра, унинг раҳбарлиги остида ўз-ўзини йиғувчи мебель устида тажриба ўтказилган, мустақил равишда боғланадиган боғичлар яратилган, энди эса навбат - электр маиший техникасига. 

Тадқиқотчилар дизайнер Марсело Коейло билан бирга инсон ҳамда махсус техника ёрдамисиз ўзини йиға оладиган илк мобил телефонни яратишди. Тиббитс жамоаси амалга оширган тадқиқотнинг натижалари чакки эмас, зеро агар уларнинг ихтиролари такомиллаштирилиб, ҳаётга татбиқ этилса, яқин келажакда электрон ва маиший техника саноатида катта ўзгаришлар юз бериши мумкин. 

Ҳаммаси Дэвид Меллиснинг лойиҳасидан бошланди, унинг моҳияти баҳоси 200 АҚШ долларидан юқори бўлмаган ўз-ўзини йиғувчи телефон яратишдан иборат бўлган. Лойиҳа очиқ ҳисобланиб, ошкора амалга оширилган, телефонни ишлаб чиқариш эса ҳамманинг кўз ўнгида бажарилган. Маълум бир натижаларга эришилгандан кейин мутахассислар трубкани ташкил қилувчи қисмларига диққат қилишди ва уни мустақил йиғишга қандай мажбур қилиш тўғрисида бош қотиришди.

Бугунги кунда лабараториянинг жуда қўпол, лекин ишловчи прототипи бор - иккита телефонни йиғадиган олтита қисми. Ҳар бир трубка тўртта қисмдан иборат. Уларни бир жойга тўплаш учун компонентларни ўзига хос центрфугуга жойлаштириш керак, телефон унинг ичида тахминан бир дақиқа ичида тўлиқ йиғилади.

 

Кўпроқ янгиликлар