Афросиёб Бухорога қайтди

Ўзбекистон 27 Август 2016 12716
Архив сурат / railwaygazette.com

Фирдавсийнинг «Шоҳнома» достонида Алп Эр Тўнға, яъни Афросиёб ва унинг қаҳрамонликлари ҳақида куйланади. Достонда Бухоро аркини Афросиёб бунёд этгани ёзилади. 25 август куни Бухорога Афросиёб қайтди. Ватанимиз мустақиллигининг йигирма беш йиллиги арафасида юқори тезликда ҳаракатланувчи “Афросиёб” поездининг Тошкент – Бухоро йўналиши бўйича қатнови йўлга қўйилди. Поезднинг дастлабки йўловчилари меҳнат фахрийлари, темирйўлчилар, Бухоро, Самарқанд, Навоий вилоятлари фаоллари ва ёшлар вакиллари бўлди.

Соат 8.00да Тошкент шаҳридан йўлга чиққан поезд орадан 2 соат-у 8 дақиқа ўтиб, Самарқанд темир йўл вокзалига кириб борди. Соат 10.30 да бир гуруҳ самарқандлик ва навоийлик фаоллар қўшилган “Афросиёб” поезди илк бор Бухоро томон йўлга тушди. Самарқанд, Навоий вилоятларининг шаҳар ва қишлоқлари, бепоён далаларидан елдек учиб ўтган поезд соат 11.40да Бухоро темир йўл вокзалига етиб келди. Бу ерда илк поезд ва унинг йўловчилари Бухоро вилояти фаоллари, кенг жамоатчилик томонидан тантанали кутиб олинди. Шундан сўнг “Афросиёб” поезди қатновининг йўлга қўйилишига бағишланган тантанали маросим ўтказилди. Тадбирда юқори тезликда ҳаракатланувчи поездлар қатновини Урганчга қадар йўлга қўйиш режаси ҳақида айтилди. Яқин келажакда бир вақтнинг ўзида 300 нафар йўловчига хизмат кўрсата оладиган яна иккита шу русумдаги поезд олиб келиниши таъкидланди. Мазкур йўналишда юқори тезликда ҳаракатланувчи поезд қатнови йўлга қўйилиши билан юртимизда бундай поездлар ҳаракатланадиган темир йўллар узунлиги 700 километрдан ошди. Истиқлолимизнинг 20 йиллиги арафасида минтақада илк бор Ўзбекистонда Тошкент–Самарқанд йўналишида юқори тезликда ҳаракатланадиган “Афросиёб” поезди қатнови йўлга қўйилган эди. Кейинчалик бу борадаги ишлар бошқа йўналишларда ҳам давом эттирилди. 2015 йилда Мароқанд – Қарши темир йўл линиясини электрлаштириш ишлари якунига етказилди ва “Афросиёб” поезди Қарши шаҳрига қатнай бошлади. “Афросиёб” шу кунга қадар 1 миллиондан ортиқ йўловчининг узоғини яқин қилди.
Тадбир иштирокчилари янги вокзал биноси, бу ерда йўловчилар учун яратилган шароитлар билан танишди. Вилоят марказидаги диққатга сазовор жойларга, жумладан, Баҳовуддин Нақшбанд мажмуасига саёҳат уюштирилди.

Шу куннинг ўзида “Афросиёб” поезди Бухородан Тошкентга қайтди.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, “Афросиёб” поезди ҳаракатланар экан, йўлнинг икки четида болалар қатори катталар ҳам қўл силтаб қолишди. Ёш болаларнинг сакраб рақсга тушаётганини кўриб, “Афросиёб”га ҳеч кимнинг бефарқ эмаслигига амин бўлдик.

Мустақиллигимизнинг дастлабки йиллариданоқ темир йўл транспортини изчил ривожлантириш орқали ягона миллий темир йўл тизимини яратишга алоҳида эътибор қаратилди. Узоқ истиқболга мўлжалланган махсус дастурлар, лойиҳалар асосида ушбу соҳада кенг кўламли ислоҳотлар, улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда. Бунинг самарасида ўтган йигирма беш йилда янги темир йўл линиялари барпо этилиб, асосий транзит участкалар реконструкция қилинди ва электрлаштирилди. Янги йўналишлар ташкил этилиб, янги йўллар, вокзаллар қурилди, мавжуд темир йўл вокзаллари таъмирланди.

Навоий–Учқудуқ–Султон Увайстоғ –Нукус темир йўли мамлакатимиз шимолини марказ билан, Амударё орқали ўтган кўприк эса Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятини бошқа ҳудудлар билан боғлади. “Аср мўъжизаси” деб ном олган ноёб иншоот – Тошгузар–Бойсун–Қумқўрғон темир йўл линияси жанубий ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этаётир. Қамчиқ довони орқали ўтган Ангрен–Поп электрлаштирилган темир йўл линияси ва ундаги Қамчиқ туннелининг ишга туширилиши Фарғона водийси вилоятларини мамлакатимизнинг бошқа ҳудудлари билан темир йўл орқали боғлаш имкониятини яратди. Мазкур темир йўл тармоғи Хитой–Марказий Осиё–Европа янги халқаро транзит темир йўл коридорининг энг муҳим бўғини бўлиб хизмат қилади.
Бундан бир неча йиллар аввал бир шаҳардан иккинчи шаҳарга тезроқ бориш учун самолётлардан фойдаланиларди. Эндиликда шаҳарлар, ҳатто мамлакатларни ўзаро боғловчи тезюрар поездлар пайдо бўлди.

Хитой, Япония ва Европанинг қатор мамлакатларида 300 километр масофани атиги бир соатда босиб ўтувчи поездлар оддий транспорт турига айланиб бормоқда. Тезюрар поезд деб, темир йўлларда ўртача тезликдан кўпроқ ҳаракат қиладиган поездларга айтилади. Таҳлилчилар соатига 140 километр тезликда ҳаракатланувчи поездларни тезюрар деб, тезлиги 200 километрдан ошадиган поездларни юқори тезликдаги поездлар деб аташади.

Замонавий юқори тезликдаги поездлар соатига 350—400 километр тезликда ҳаракат қилади. Айни дамда тезлиги 560—580 километр тезликда ҳаракат қилувчи поездлар синови ўтказилмоқда.
Илк бор юқори тезликдаги поездлар қатнови 1964 йилда Японияда Цинкансен лойиҳаси бўйича йўлга қўйилганди. 1981 йилдан бошлаб эса Францияда ҳам юқори тезликдаги поездлар қатнай бошлади. Кейинчалик бу жараён Европа ғарбидаги деярли барча мамлакатларда кузатила бошланди.

ХХI аср бошларида юқори тезликдаги поездлар йўлларининг узунлиги ва қатнови бўйича Хитой биринчиликка эришди. Тезюрар поездларга мўлжалланган темир йўллар бўйича Хитой олдинги ўринни эгаллаб турибди. 2012 йилги ҳолатга кўра Хитой темир йўлларининг узунлиги 9 минг 300 километрни ташкил қилади. Шундан 1995 километрида поездлар соатига 350 километр тезликда ҳаракат қилади. 2015 йилда темир йўлларнинг узунлиги 18 минг километрга етиши режалаштирилган. Айни дамда бу мамлакатда юқори тезликда ҳаракат қиладиган поездларга эътибор кучаймоқда. Хитойда юқори тезликда ҳаракат қилувчи поездлар учун темир йўллар қуриш, асосан, Давлат банклари ва давлатга тегишли молия институтлари томонидан молиялаштирилади.

Россияда юқори тезликдаги «Сапсан» поездлари оддий йўлларда 2009 йил сўнгида қатнай бошлади. Москва-Санкт Петербург ўртасида юқори тезликдаги поездлар учун махсус темир йўлларнинг қурилиш лойиҳаси 2017 йилга бориб якунланади. 2018 йилда эса Москва ва Санкт-Петербург ўртасида тезлиги соатига 400 километрни ташкил қиладиган поездлар қатнови йўлга қўйилади. Шу тариқа йўловчилар ўз манзилларига 2,5 соат давомида етиб борадилар.

Шуни таъкидлаш керакки, ҳозирча тезюрар поездлар реактив самолётларнинг тезлигига ета олмади. Тан олиш керак, бир шаҳардан иккинчи шаҳарга етиб боришда самолётлар поездларга қараганда анча қулайдир. Бироқ аэропортларнинг вокзалларга нисбатан шаҳардан узоқдалигини эсдан чиқариш керак эмас. Бу эса йўловчиларнинг шаҳардан аэропортга ёки аэропортдан шаҳарга боришларида анча вақт ва ҳаражатларни талаб қилади. Кўплаб шаҳарларда аэропортга бориш салкам бир соатни ташкил қилиши сир эмас. Вокзаллар эса шаҳар марказида жойлашган. Чипталарни эса поезд қўзғалишидан 15 дақиқа аввал харид қилиш мумкин. Бу эса поездларнинг самолётлардан афзаллигини исботлайди. Поездлардан фойдаланиш, ўз навбатида, ички йўналишда парвоз қилувчи самолётлар сонини камайтириши, бу самолётлардан халқаро йўналишларда фойдаланиш, нисбатан қиммат бўлган авиация ёқилғисини иқтисод қилиш имконини беради.

Яқинда Россия телеканалларидан бирида тезюрар поездларга бағишланган махсус кўрсатув бўлди. Унда бу каби поездлар қатнови атиги 17та давлатда йўлга қўйилгани таъкидланади. Бу давлатлар орасида “Насаф”, «Шарқ» ва “Афросиёб” тезюрар поездлари қатновини йўлга қўйган Ўзбекистоннинг ҳам борлиги кўнгилимизни тоғдек кўтарди. Бу ҳам бўлса бизнинг ҳеч кимдан кам бўлмаганимизни ва кам бўлмаслигимизни ёрқин исботидир.

Шарофиддин Тўлаганов / Tnews.uz

Кун янгиликлари
Фарғона вилояти ҳокими Сўх тумани, уй-жой муаммоси, табиий газ ва аҳолининг бошқа муаммолари ҳақида (видео)
20:30 / 21.08.2017 29636 Жамият
Artel Technical School «Келажак мактаби» ўқув нархларини пасайтирмоқда!
20:02 / 21.08.2017 16020 Жамият
Халқ таълими вазири билан очиқ суҳбат: янги вазирлик, 10-синф, пахта терими, коррупция ва йиғди-йиғдилар
23:29 / 20.08.2017 63920 Жамият
Ногиронлик ва мазлумлик исканжасида: бир аёл яхшилар саховатидан умидвор 
15:55 / 18.08.2017 56939 Жамият
Ҳиндистонда йўловчи поезди вагонлари рельслардан чиқиб кетди, жабрланувчилар кўп 
09:19 22 Жаҳон
Демократлар Трампнинг эҳтимолий рақобатчилари ҳақида маълум йиғмоқда
09:11 41 Жаҳон
Аргентина олий суди собиқ президентга қарши давлатга хиёнат бўйича терговни қўллаб-қувватлади
09:09 250 Жаҳон
Мексика жанубида тутқунликдаги 37 нафар гватемалик муҳожир озод қилинди
09:04 94 Жаҳон
McDonalds Ҳиндистондаги 170 га яқин ресторанини ёпади
08:57 962 Жаҳон
Пентагон раҳбари Украинага келмоқда: қандай ўзгаришлар кутилмоқда?
08:51 638 Жаҳон
Кўпроқ янгиликлар