АҚШ президенти Барак Обама маъмурияти хорижий стартапчиларга мамлакатда кўпроқ қолиш имконини берадиган янги қонун лойиҳасини тақдим қилди. Бу ҳақда Recode хабар бермоқда.  

Ҳужжат 26 августда тақдим қилинди. У Конгресснинг розилигини талаб қилмайди, бироқ 45 кунлик жамоатчилик муҳокамасидан ўтиши керак.

Агар қонун қабул қилинса, стартапчилар АҚШда 2 йил давомида, визани бир марта 3 йилга узайтириш имконияти билан қонуний ишлашлари мумкин бўлади.

Бундай рухсатни олиш учун хорижий фуқаро АҚШда ташкил этилган, камида 100 минг давлат гранти ёки портфелида муваффақиятли лойиҳалари бўлган жамғармадан камида 345 минг доллар инвестиция олган стартапнинг 15 фоизига эгалик қилиши керак. Шунингдек, стартапчи лойиҳада фаол ишитрок этиши лозим.

Шу билан бирга стартап тез ўсиш учун салоҳиятга ва янги ишчи ўринлари яратиш имкониятига эга бўлиши керак. 

Бундай визалар ғоясини PayPal ҳамасосчиси, 1991 йилда собиқ иттифоқдан АҚШга кўчиб ўтган Макс Левчин қўллаб-қувватлади. "Мен ишонаманки, бутун дунёдан иқтидорли тадбиркорлар мен каби АҚШда ўз салоҳиятини ривожлантириш имкониятини оладилар", деб айтди Левчин.