"Формула-1" пойгасининг амалдаги чемпиони, Mercedes пойгачиси Льюис Хэмилтон Бельгия гран-присининг старт тўрида 55 ўрин билан жазоланди. Бу ҳақда AP ахборот агентлиги хабар бермоқда. 

Дастлаб Хэмилтон 26 августда биринчи амалиётдан кейин 15 ўрин ва 2-амалиётда двигатель компонентларига ўзгартириш киритгани учун 15 ўрин билан жазоланди.

Британиялик старт тўрида охирги ўринга тушиб кетди, чунки пойгада ҳаммаси бўлиб 22 та машина иштирок этади. Шу сабабли жамоа механиклари машинани яхшироқ тайёрлаш учун бир қатор ўзгартиришлар қилишди. Бу пойгачининг стартдаги позициясига барибир таъсир қилмаслиги сабабли у яна 25 ўринга жазоланди. Натижада умумий жарима 55 ўринни ташкил қилди.

Аввалроқ шунга ўхшаш сабабларга кўра McLaren пойгачиси Фернандо Алонсо ҳам 35 ўринга жаримага тортилганди. Шу тариқа улар пойгада охирги қатордан старт оладиган бўлдилар.

Хэмилтон "Формула-1"нинг 3 карра чемпиони ҳисобланади (2008, 2014, 2015). Жорий мавсумда 31 ёшли пойгачи 217 очко билан етакчилик қилмоқда. 2-ўринда унинг жамоадоши Нико Росберг (198 очко), 3-ўринда Риккардо (133 очка) бормоқда.